Магистратура ва кечки таълимда коррупция хавфи

Matn9-avgust, 2018, 14:271 daqiqa0 koʻrish

Менинг хавотирим

Жорий йилда бакалаврга кириш имтиҳонларида коррупциянинг илдизи кескин қирқилди. Албатта онда-сонда қинғирликлар ҳақида эшитиб турибмиз, аммо бу ўтган йилдагилар билан солиштирганда денгиздан бир томчи холос.

Шу сабабли таълимдаги айрим инсонларнинг тушкун кайфиятда юрганини айтишмоқда. Улар орасида айрим ОТМ ректорлари, олийгоҳларнинг турли даражадаги мансабдорлари ҳам бор. Буни ҳайрон қоладиган жойи йўқ, ҳар йили қайнаб турган қайнар хумча синди, вариантлар кам, борлари ҳам ўта хавфли, оқиб келадиган осон пуллар энди йўқ (шу жойига «Миллион» жамоасининг «энди у кунлар йўўўқ» ҳажвияси эсга тушди).

Боз устига сиртқи таълим учун ҳам имтиҳонлар катта павильонларда бўладиган бўлди. Мурожаат боти орқали келган айрим хабарларга кўра, «сиртқига жавоб» деб ваъда берганлар ҳам пулларни қайтариб бераётган эмиш (балки миш-мишдир).

Бу худди бутун ҳосилига касал келган деҳқоннинг изтиробига ўхшайди.

Аммо, лекин, бироқ... Мени бир нарса хавотирга солмоқда. Бу ҳам бўлса магистратура ва кечки таълим имтиҳонлари.

Кечки таълим майлию, лекин нимагадир айниқса магистратура жиддий хавф остида деган хавотирим кучли. Ўзи шу чоққача ҳам магистратура доим сояда қоларди, олдиндан тасдиқланган рўйхатлар кирарди. Энди бу йил бакалаврнинг аламини ҳам магистратурадан олишмаса деб қўрқаман.

Бундай бўлмасин деб, ният қиламиз. Афсуски жорий йилда аниқ назорат механизми йўқ. Инсофни ректорларни ўзига берсин.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek