Магистратурага киришдаги коррупция бўйича сўровнома
Manba:Xushnudbek.uz
Магистрахалтура
Каналимда ўтказилган сўровнома натижалари ҳақида икки оғиз.
“Сизнингча магистратурага кириш имтиҳонлари адолатли ўтадими?” дея берилган саволга 1 минг 166 киши овоз берди.
74% ёки 888 киши “коррупция уясику” дея жавоб қайтарди.
14% ёки 172 киши “ноҳақлик кўп” деган вариантни танлади.
Атиги 5% ёки 70 киши “адолатли ўтади” дея ишонишган.
Ва ниҳоят сўровномада қатнашганларнинг 4% и ёки 57 киши “аҳвол жуда ёмонмас” дея таъкидлашган.
Шу ўринда юртимизда энг ишончли сўровномалар ўтказиши билан маълум ва машҳур ҳамда рақамлар ортидан мўжиза яратадиган “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровномалар билан ҳам қизиқиб кўрдим. Уларда ҳам ўртача 1000-1100 киши қатнашаркан.
Демак, минг кишидан кўпроқ инсон овоз берган сўровнома натижасини жиддий қабул қилсак бўладими?
Таълим тизимидаги раҳбарларимизга магистратурага кириш имтиҳонларида аҳвол ўта ачинарли даражада эканлигини англаш учун халқнинг 74 фоизи коррупция уяси эканлигини таъкидлаётгани етарли эмасми? Ёки “далил бўлмаса, ишонмаймиз, бизда ҳаммаси яхши”, дейишармикин?
Менга энг алам қиладиган жойи токи шу масалани ҳам Президентимиз кўтариб чиқмагунгача, ўзлари бош-қош бўлиб, тизимни ўзгартириш ҳақида жон куйдирмагунгача, ҳамма кутади. Кўзи кўр, қулоғи кар бўлиб юраверади. Қачон давлат раҳбари “магистратураларга киришни ҳам тартибга солайлик” деганидан кейин бирдан ҳаммаси уйғониб, “Кўзимиз энди очилди”, “Ҳақиқатдан айб биздан ўтди”, “Ўзимиз шу чоққача рағбатлантирибмиз”, “Бизга мастер-класс кўрсатдингиз”, "Магистратурани ўзим оталиққа олдим" дейишни бошлайди. Унгача жиммммм-жит, ими-жимида юраверади. Қинғирликлар урчиб кетганини билмайди дейсизми? Билади, шунақанги биладики...
Болта тушгунча, кунда дам олади, дегани шу бўлса керак.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

