Магистратура имтиҳонларидаги адолатсизликлар ва муаммолар
Эски тос, эски ҳаммом
Доимий кузатиб борувчи муштарийларимиз яхши билишади, магистратура имтиҳонларидаги адолатсизликлар ҳақида кўп бора гапирганмиз. Масалан:
2018 йил 31 майда «Соядаги магистратура» номли мақола;
2018 йил 1 июнда «Магистрахалтура» номли пост;
2018 йил 9 августда «Менинг хавотирларим» номли пост;
2019 йил 18 мартдаги «Ё чикка, ё пукка» номли пост ва ҳ.к.
Уларда тизимни адолатли қилиш учун деярли ҳеч нарса қилинмаётгани, афсуски магистратура имтиҳонлари катта далада ёлғиз, ҳимоясиз қолиб кетган, атрофи тўла, бўрилару қашқирлар бўлган қўзичоққа ўхшаб қолгани ва мутасаддилардан бу йилги имтиҳонларни адолатли ўтказиш учун кескин чоралар кўришларини сўрагандим.
Аммо жорий йилда ҳам эски тос, эски ҳаммом бўлди. Магистратура имтиҳонларининг адолатли ўтиши бўйича айтарли амалий иш қилинмади. Қилинган бўлса ҳам бунинг натижаси сезилмади.
Тўғри, умумий олганда магистратурага оид айрим қувонарли ўзгаришлар бўлди, буни эътироф этмасак нохолислик бўлади.
• Масалан, энг катта ижобий ўзгариш жорий йилдан бошлаб магистратурага фақат турдош йўналишларни битирган бакалаврлар ҳужжат топшира олишига оид тақиқ бекор қилингани бўлди. Аммо қабул жараёнида кўрдикки, кўплаб ОТМлар бу ўзгаришни тан олмай, “бегоналар”ни яқинлаштиргиси келмади;
• Бундан ташқари жорий йилдан магистратурада давлат гранти бўйича квоталар сони кескин оширилди, айрим йўналишларга тўлиқлигича давлат гранти бўйича жой ажратилди;
• ОТМларга магистратурага базавий тўлов-контракт (яъни одатий контрактдан қиммат бўлмаган) бўйича қўшимча квотага магистрларни қабул қилиш ҳуқуқи берилди;
• Магистратура учун имтиҳонлар сони қисқариб, фақат мутахассилик фани ва чет тилидан белгиланди. Аммо шу ўринда таъкидлаш керак, Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарорига ўзгартириш киритишда ҳам чала иш қилинган. Масалан, Низомнинг 15-бандида ҳалигача Информатика ва Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси фанларидан тест топширилиши ҳақида қоида турибди. 14-бандни ўзгартириб, буниси эсдан чиқиб қолган.
Аммо юқорида саналганларнинг барчаси имтиҳонларни адолатли ўтказишга ёрдам берадиган ўзгаришлар эмас, буларнинг мазмуни умуман бошқа.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги магистратура имтиҳонларини адолатли ўтказиш учун нима янгиликлар қилди? Санаб бера оладими? Биринчидан, иккинчидан, учинчидан деб қилган ишлари ҳақида халққа ҳисобот берсин. Қани, билайлик, нима инновацион ўзгаришлар, қандай янги тартиблар жорий қилишибди.
Агар қилишган бўлса, унда нима учун магистратура қабули юзасидан юзлаб эътирозлар бўлмоқда? Нима учун ҳалигача имтиҳон натижалари ректоратда сўнгги дақиқаларда ўзгариб кетаётгани, акт қилинганлар якунда энг баланд балл билан ўқишга кираётгани, абитуриентлар бемалол шпаргалкалардан фойдланишгани, ҳар доимгидек кирадиганлар рўйхати олдиндан тасдиқлангани ҳақида шикоят қилишмоқда? Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламаса керак ҳар ҳолда.
Энг қизиғи ОТМдаги “уддабуронлар” бу борада жудаааа пихини ёриб кетган. Масалан, билимли абитуриентга атайин яхши балл қўйиб, “ректор рўйхатидагиларнинг” балини ундан ҳам анча ошириб қўйишади. Апелляцияга борсангиз, “фақат ўзингизни балингиз учун шикоят қила оласиз, бошқаларникига ҳаққингиз йўқ. Сизга эса яхши балл қўйганмиз, исталган жойда текширтиринг” деб туришади. Тамом. Шу билан ноҳақликни исботлаб бўпсиз!
Низомда имтиҳон бўйича натижалар эълон қилингандан кейин 24 соат ичида апелляция бериш мумкин, дея белгиланган. Лекин натижалар қачон эълон қилинишини Худо билади. Ректорат атайин кечки пайт ёки шанба куни кечқурун натижаларни илиб, душанба куни борсангиз апелляцияни қабул қилмай тураверади. Бунақа мантиқсиз қоидадан кўзланган мақсад коррупция аломатларини “ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп” қилишми?
Эээ, гапирса гап кўп, битта постга сиғмайди.
Хуллас, магистратура масаласида бу йил ҳам деярли барчасини бой бердик. Кейинги йил нима бўлади, ҳайронман. Ҳукуматнинг энг юқорисидан жиддий эътибор бўлмагунча, бирор катта ижобий ўзгариш бўлишига, шахсан мен ишонмайман.
👉 @xushnudbek 👈

