Фарзанд туғилганда бериладиган суюнчи пули тартиби
Фарзандли бўлганда давлат томонидан суюнчи пули бериладими?
ЖАВОБ: Ҳа, берилади. Фақат қонунчиликда бу «суюнчи пули» дейилмайди, балки «бир марталик нафақа» деб аталади.
Меҳнат кодексининг 287-моддасига биноан, бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланади.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (Адлиядан 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган) бундай нафақани тўлаш тартиби баён қилинган.
➖ Бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида берилади (18.03.2019 йил ҳолатига 405 минг 460 сўм).
➖ Агар мабодо эгизак фарзандлар туғилса, унда ҳар бир болага шунча миқдордан тўланади.
➖ Иш ҳақига коэффициент қўлланиладиган туманларда нафақа ушбу коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
➖ Бир нарса муҳимки, бундай бир марталик нафақа барча болаларга тўлаб берилади. Фақат ота-онасининг ишлаш ёки ишламаслигига қараб, ушбу нафақани берадиган жойлар ўзгаради. Яъни:
👉 ишлаётган аёлларга, ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида, магистратура, аспирантура, клиник ординатура, докторантурада таҳсил олаётган аёлларга бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа тегишлича иш ёки ўқиш жойидан тўланади;
👉 боланинг онаси ишламайдиган ва ўқимайдиган ҳолларда нафақа боланинг ишлайдиган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқийдиган отаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга тўланади;
👉 ишламайдиган ва ўқимайдиган ота-оналарга бола туғилганда нафақа ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.
➖ Фарзандликка олинган болаларга ҳам бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа умумий асосларда берилади.
➖ Бола туғилганда бериладиган нафақадан даромад солиғи ушланмайди.
➖ Бола ўлик туғилган ҳолларда нафақа тўланмайди.
❗️Муҳим: бу давлат томонидан бериладиган ижтимоий нафақа. Агар корхона ва ташкилотнинг жамоа шартномасида фарзанд дунёга келганлиги учун алоҳида қўшимча мукофот назарда тутилган бўлса, унда нафақага қўшиб, ўша мукофот ҳам берилиши мумкин. Буниси қонунларда аниқ белгилаб қўйилмаган, ҳар бир корхона ўзининг моддий имкониятидан келиб чиқиб, мукофот бериш ёки бермасликни ўзи белгилайди.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ


