Кадрлар сиёсати ва раҳбарлар саломатлиги муаммоси
Бугун эрталабдан шум хабар тарқалди
2019 йил 6 январь. Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Саломбек Ҳабибуллаев оламдан ўтибди. Тошкентда таваллуд топган ва 2018 йилнинг январига қадар Тошкентда яшаган, ишлаган ушбу мутахассис инфаркт сабабли вафот этган.
2017 йил 6 октябрь. Андижон вилояти Улуғнор тумани ҳокими Асилбек Акрамович Юсупов мияга қон қуйилиши диагнози билан касалхонага ётқизилган ва касалхонада жон берган. Асилбек Юсупов 2017 йилнинг 22 февралида Улуғнор тумани ҳокими этиб тайинланган эди. Лавозимга тайинланишдан олдин У Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департамент директори лавозимида ишлаган.
Шунчаки тасодифми? Билмадик. Лекин буни алоҳида факт сифатида эмас, балки умумлаштириб, ўрганиш керак. Нега Андижонга Тошкентдан юборилаётган кадрлар ҳаёти ўлим билан тугаяпти? Инфаркт ҳам, инсульт ҳам оддий бир юқумли касаллик эмаски, бошқарувдаги кадр дуч келаверса? Демакки, Андижонда ё “келгинди” кадрларга муносабат ёмон, ё қуйида ишламаган, Тошкентнинг қулай ҳаётида яшаб юрган кадрларни вилоятларга юбориш амалиёти ўзини оқламаяпти. Айтишларича, Асилбек Юсупов билан вафотидан бир-неча кун аввал учрашганлар унинг анча чўкиб, сиқилиб қолганига гувоҳ бўлишган.
Охирги уч йил амалдорлар қатлами жуда қаттиқ стрессни бошидан ўтказмоқда. Айримлари бу ритмга кўникишди, айримлари эса ҳали ҳам мослашишга интилаяпти. Лекин соғлом, мамлакатга узоқ наф берадиган кадрларни бундай эзиб ташлаш ҳам яхши эмас. Ҳамма кадр ҳам бу босимга, бу ритмга чидай олмайди — чунки беш қўл баравар эмас. Мамлакатда раҳбар кадрларга жуда катта эҳтиёж бўлиб турган бир шароитда, бор кадрларни асрамасдан, уларни эзиш, аввало, давлатга, сўнг халқимизга катта зарар келтиради. Бунақа ҳолатларни кўриб турган чет элдаги ватандошимиз ҳам Ўзбекистонга келиш ҳақида ўйлаб кўрса керак.
Кадрлар сиёсатини қайта кўриб чиқишнинг вақти келди. 25 йилдан бери қабул қилинмаётган ва чанг босиб ётган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни тезроқ қабул қилиб, давлат аппаратини ишлатишнинг “ручной” эмас, балки самарали тизимини яратишнинг фурсати етди. Ҳалол, шу Ватан равнақига хизмати сингаётган кадрларни ижтимоий ҳимоялаш, уларни асраш ҳақида қайғуриш керак. Раҳбар кадрларни “қийнаш” билан ўзимизга, халқимизга зарар қилиб қўямиз.
Албатта, буларнинг барчаси ИМҲО.
Манба: @davletovuz
Бу борада Сизнинг фикрингиз қандай, ҳурматли муштарий?
