Тошкентдаги сув тошқинлари ва инфратузилма муаммолари
Ёғингарчилик туфайли юзага келган Тошкентдаги сув «тошқинлари»дан кейин @davletovuz каналида анча олдин эълон қилинган фикрларни биз ҳам яна бир бор эслатишга қарор қилдик, чунки бу мулоҳазаларнинг ҳалигача актуаллиги йўқолмаган:
«Курбановнинг фикрларига тўлиқ қўшиламиз
“Ҳар гал навбатдаги “сити” ҳақида ўқир эканман, барча коммуникациялар қурилганидан бери янгилангани йўқлиги ҳақида ўйлайман. Ёки кимдир бир марта бўлса ҳам навбатдаги сити учун электростанциянинг янги қуввати ишга туширилиши, сув ва канализация учун бир неча километрлик труба ётқизилиши режалаштирилаётгани ҳақида эшитганми? Нима учун ушбу йирик режаларда янги кабелларни, трубаларни ётқизиш, шаҳарни тозалаш қувватларини кенгайтириш, сувоқавани яхшилаш ҳақида ҳеч нарсани кўрмаймиз?
Бутун шаҳар бўйлаб бизнес-ситиларни қураяпмиз-у, лекин уларнинг таъминоти ҳақида умуман ўйламаймиз.
Ҳар бир навбатдаги 20-, 30-, 50-қаватли бино ушбу барча коммуникация тизимларини “зўриқтириш”да давом этади. Биз, Москва вилояти аҳолиси каби чиқиндилар, Дакка аҳолисидек ифлос шароитда қолиб кетамиз. Ўшанда айбдорларни излаш жуда кеч бўлади. Зато ҳар бир туманимизда сити бўлади.
Умуман, нега ҳеч ким шаҳарнинг ташқарисида қуришни исташмайди?! Тошкент атрофида бўш ер йўқми? У ерга хайвей қурсак бўлади-ку! (Дарқоқе, Раҳмонов ҳокимлигида янги қурилишлар учун шаҳарни Тошкент вилоятининг айрим туманлари (Қибрай, Янгийўл, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Зангиота ва Ўрта Чирчиқ туманлари йўналишида) ҳисобига 1.5 баробар кенгайтирилиши ҳақида режалар бор эди. Қурилишлар, қувватлар, инфратузилмалар шу янги ҳудудларда амалга оширилиши кўзда тутилганда. Орадан 1.5 йил ўтиб бу режалар буткул эсдан чиқарилди — таъкид бизники)
Албатта, ҳаммаси кундек равшан. У ерга биз тилга олаётган бутун бошли инфратузилмани олиб бориш керак. Шаҳарда эса ҳаммаси тайёр.
Аммо навбатдаги бизнес tower’дан шаҳарнинг ўта муҳим трассасига чиқинди чиқса, ўшанда, шак-шубҳасиз, айбдорларни излашни бошлаймиз".
P.S.: биринчидан, узоқ йиллар давомида Тошкент шаҳрида пропискани очмасликнинг сабабларидан бири сифатида айнан “пойтахтимизнинг коммуникация тизими вилоятликларнинг оқимига бардош бера олмаслиги”ни кўрсатиб келишди. Лекин шаҳар кварталларининг ичида бўй чўзаётган бир бало, бир бало хауслар на канализацияга, на инфратузилмага инвестиция киритмоқда. Бор бўшлиқни жадаллик билан эгаллаб олишаяпти. Бир сутка ёмғир ёғса, шаҳарни сув босиб кетаяпти.
Иккинчидан, нега аввал ҳеч қурса битта ситини битириб, кейин бошқасига киришилмаяпти. Бутун шаҳарни қишлоққа ўхшаб, қазиб ташлашга мунча шошилмасак? Қўрққанимиз — у ёки бу сабаб билан бу лойиҳалар ҳандақ босқичида тўхтаб қолмаса эди. Экология ҳақида. Кўриб турибмиз, чанг ёмғир ёғаяпти, чангдан нафас олаяпмиз. Ҳаракатдан бир думалаб партия бўлиб олган “яшиллар” вакиллари эса топшириқ бўлмагунча бу ҳақда сукут сақлашда давом этади.
Албатта, буларнинг барчаси ИМҲО».
👉 @xushnudbek 👈

