Электр таъминотидаги узилишлар ва инфратузилма муаммолари

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0tahrirlangan

Электр токидаги узилишлар ҳақида икки оғиз

Шу кунларда нафақат чекка ҳудудлар, балки пойтахт Тошкентда ҳам электр энергияси таъминотида кўплаб узилишлар содир бўлмоқда.

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати бунга муносабат билдириб, узилишларга асосий сабаб ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва модернизация ишларининг кечикиши ва буларнинг ортидан келиб чиқаётган носозликлар эканини маълум қилди.

“Эски ускуналар шунчаки янги қувватларга бардош бера олмайди. Бу эса бугунги кунда 25 йилдан ортиқ вақт давомида энергетика тизимининг ҳолатига етарлича эътибор берилмагани натижасидир” дейилади баёнотда.

Бу бўйича ўзимнинг ҳам айрим фикрларим бор.

Бугунги кунда электр токида кузатилаётган кўплаб узилишлар кутилмаган ҳолат эмас. Буларнинг барчаси олдиндан кутилган ва шу каби ҳолатлар ҳақидаги хавотирлар кенг жамоатчилик, хусусан журналист ва блогерлар томонидан кўп маротаба билдирилган эди.

Яъни, муаммо биргина электр симлари ёки умумий тизимнинг эскилигида ҳам эмас. Бу ерда эътибор қаратиш керак бўлган бошқа муҳим масала ҳам бор. Гап шаҳарсозлик қоидаларига амал қилинмаслиги, узоқни кўра олмаслик, олдиндан ҳар томонлама комплекс режа билан иш қилинмаслиги ҳақида кетмоқда. Бошқача айтганда аввал инфратузилмани жой-жойига қўймасдан, пайдар-пай янги объектлар, янги "электр сўрувчи" манбалар қурилмоқда.

Айниқса Тошкент шаҳри мисолида кўрадиган бўлсак, жуда кўплаб турар-жой мажмуалари барпо этилмоқда. Дарахтзорлар кесилиб, ўрни кафе-ресторан ҳамда ҳар бир қаричи электр истеъмол қиладиган кўнгилочар масканларга айлантирилмоқда. Табиийки, буларнинг барчаси янада кўпроқ энергия ресурсларини талаб этади.

Аммо, мен ҳали бирор марта эшитмадимки, объектларни қураётганлар янги электр манбасини яратгани ёки бу ҳақда қайғурганини. Аксарият ҳолларда шунчаки мавжуд эски ва чириган электр симлари ва бошқа коммунал хўжалиги тармоқларига уланмоқда.

Агар шу тарзда давом этадиган бўлсак, олдинда бизни нафақат электр токи, балки унданда жиддийроқ бошқа муаммолар ҳам кутиб турибди.

Энг аввало канализация тизими – шунча кўп қаватли уйлар қуриляптию, аммо янги канализация тармоқлари қурилгани йўқ.

Ичимлик суви ва бошқа коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳам худди шу муаммо.

Бу каби олди-орқага қарамасдан, инфратузилмани ривожлантиришни ўйламасдан қилинаётган қурилишлардан вақти келиб бутун халқ жабр тортади.

Ҳали ҳам кеч эмас, бугун юз бераётган ҳодисалар келажакдаги жиддий оқибатларга яхшигина сигнал.

👉 @xushnudbek 👈

  • 👍 2
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek