Судда ютган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тартиби

Matn25-aprel, 2019, 11:503 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Судда ютган абитуриентлар бўйича

Шу мавзуда бир нечта саволлар келиб тушмоқда, имконим борича бирин-кетин фикр беришга ҳаракат қиламан.

ДТМда ваколат борми?

Жиззахлик абитуриент воқеасида суд у белгилаган жавобни тўғри деб топди ва ДТМга унинг баллини қайта ҳисоблаш ҳамда уни Тошкент тиббиёт институтига талабаликка тавсия этиш мажбуриятини юклади.

Кеча хабар қилинган воқеада эса Тиббиёт академиясига шартнома асосида қабул қилинган талаба қизни бюджетга ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Қизиқ томони шундаки Ўзбекистондаги қабул жараёни мураккаб схемадан ташкил топган. Кўпчилик билмаслиги мумкин, аммо ДТМ талабаларни ўқишга қабул қилиш, контрактдаги талабаларни бюджетга ўтказиш ваколатига эга эмас. Унинг вазифаси шунчаки тестни ташкил этиш ва абитуриентларнинг тест синовлари натижасини ҳисоблаб бериш, тамом.

Унда талабани қабул қилиш ваколати ОТМ ректоридами, деб сўрашингиз мумкин. Йўқ, ректорлар ҳам бундай ваколатга эга эмас. Ўшанчун ҳам қайсидир ректор “тест синовидан ўтказиб, талабаликка қабул қиламан” деб ваъда берган бўлса, унга фирибгарлик сифатида баҳоланади, чунки ректорлар қўлида тестдан ўтказиб қўйиш ваколати йўқ.

Агар на ДТМ, на ректорда бундай ваколат бўлмаса, унда абитуриентларни ўқишга ким қабул қилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси!

Таркиби Президент қарори билан тасдиқланадиган Давлат комиссияси коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади. Айни мана шу комиссия ўқишга қабул қилиш, контрактдан бюджетга ўтказиш, ўқишга тиклаш, ўқишни кўчириш (перевод), супер-контрактга қабул қилиш ва бошқа кўплаб ваколатларга эга.

Қисқароқ қилиб тушунтирганда, абитуриентларни ўқишга қабул қилиш мана бу кетма-кетликда амалга оширилади:

1) Имтиҳон ўтказилади (тест, ижодий);

2) ДТМ якуний натижаларни ҳисоблаб, ОТМлар кесимида грант-контрактга ажратган ҳолда Давлат комиссиясига юборади;

3) Давлат комиссияси 2 хил мазмунда қарор қабул қилади:
а) давлат грантидаги абитуриентларни талабаликка қабул қилиш ҳақида;
б) контрактдагиларни эса талабаликка тавсия қилиш ҳақида.
Контрактдагилар дастлаб қабул қилинмайди, балки талабаликка тавсия этилади, қачонки шартнома пулини тўлагандан сўнг улар қабул қилинади.

4) Давлат комиссияси ўз қарорларини ОТМларга юборади;

5) ОТМ ректорлари шу қарорлар асосида худди шу мазмундаги (қабул қилиш ва тавсия этиш) ўз буйруқларини чиқаради.

Демак, юқоридагилардан кўринадики, судда ғалаба қозонган шахслар биргина ДТМ орқали ўқишга қабул қилинмайди ёки бюджетга ўтиб қолмайди. Бу масалада Давлат комиссиясининг қарорисиз ҳеч нарса ўзгармайди. Балки шунинг учундир, гарчи узил-кесил суд қарори 27 февралда чиққан бўлса ҳам, жиззахлик абитуриент ҳалигача талаба бўла олмади.

Тиббиёт академиясида ўқийдиган талаба қизни ҳам шу тақдир кутиб турган бўлиши мумкин, чунки гарчи у судда ғалаба қозонган бўлса ҳам, аммо ДТМ уни бюджетга ўтказиб қўйиш ваколатига эга эмас. Нари борса, натижасини қайта ҳисоблаб, Давлат комиссиясига юборади, бўлди. Уёғи нима бўлади, Худо билади.

Шу сабабли, ҳурматли абитуриентлар, ишни пухта қилиш керак. Судга бераётганда нафақат ДТМга, балки Давлат комиссиясига ҳам мажбурият юклаш тўғрисида сўраш керак. Йўқса, калаванинг учини топа олмай, қозиқ атрофида айланиб юраверасиз.

Ҳа, айтганча, баъзан ўқишга киритишни сўраб, ОТМ ректорларини судга берганлар ҳам учраб туради, бу мутлақо хато. Улар «не причём», ректорлар Сизни ўқишга киритиб қўя олмайди. Ҳаққини талаб қилиб, судлашиш яхши, лекин тўғри судлашиш бу - санъат!

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek