Канадада иш таклиф қилаётган фирибгарлар ҳақида огоҳлантириш

Matn25-aprel, 2019, 09:562 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​​Канадада иш таклиф қилаётган фирибгарлар

Фарҳод Файзуллаев бу ҳақида каналида қуйидагиларни ёзиб қолдирди:

«Бир ойча аввал Телеграмдаги California Team каналида хабар тарқалди. Эмишки, Канададаги Pizzeria Libretto 15 нафар ҳамюртимизни пицца ташувчи сифатида чақираётганмиш.

Пиццерия соатига 10,25 доллар, кунига 150—200 доллар чойчақа берармиш. Бундай виза олиш учун аввал 9,5 млн сўм, виза чиққанидан кейин 69 млн сўм тўлаш керакмиш.

Бу эълонни кўришим билан менда шубҳа туғилди.

Биринчидан, Канаданинг иммиграцион стратегияси малакали инсонларни доимий яшашга жалб қилишдан иборат. Масалан, Россиядан фарқли ўлароқ, Канадага вақтинчалик, кам малака талаб этиладиган ишларга виза олиш деярли имконсиз.

Иккинчидан, пиццериянинг соатига 10,25 доллар тўлаши қонунга хилоф, чунки бу сумма минимал белгиланган қийматдан паст. Масалан, Онтариода компаниялар ходимларига соатига камида 14 доллар, Альбертада 15 доллар, Манитобада эса 11,35 доллар тўлаши шарт, ундан кам тўлаши мумкин эмас.

Учинчидан, виза олишдан аввал 9,5 млн сўм, олинганидан кейин 69 млн сўм тўлаш ақлга сиғмайди. Виза олиш имконсизлигини инобатга олсак, 69 миллионни унутсак ҳам бўлади. Аммо 9,5 млн сўм — бу 1500 Канада доллари демакдир. Бу пулга расмий рўйхатдан ўтган иммиграцион адвокат, масалан, Раҳмад ака Собиров ёрдамида визани ҳаракатини қилиш мумкин.

Ишқилиб, бу масалада дарҳол Раҳмад ака билан боғландим. Улар эса ўша пиццерия билан алоқага чиқди ва куни кеча Libretto'дан жавоб олди.

«Бизнинг компаниямиз номидан бундай фирибгарлик йўлида фойдаланилгани бизни ҳайратга солди», — дейилади пиццерия менежери Драго хонимдан келган имейлда. «Мен одамларнинг интилиш ва орзуларидан бундай ноҳолис йўлдан фойдаланишаётганидан жирканиб кетдим.»

Ишқилиб, пиццерия ҳеч қанақасига 15 кишини четдан олиб келмаётгани, улар пицца ташувчилар қидиришмаётганини таъкидлаган. Ушбу имейл матни менда бор ва унинг ҳақиқатан Libretto Pizzeria маъмурияти томонидан юборилганини кафолатлайман.

Қиссадан ҳисса шуки, юқоридаги ишга олиш ҳақидаги эълон сохта ва уни тарқатганлар (жуда катта эҳтимол билан) фирибгарлардир. 9,5 миллионни сарфлаганларга сабр тилайман ва уларни алдаганларни ички ишлар органларига топширишларини маслаҳат бераман.

Тилла тоғлар-у мўмай даромад таклиф қилишганда дархол ишониб кетаверманг, маълумотларни текширинг. Агар сизга Канадалик компания уй-жой қилиб бериши, овқат бепул беришини айтишса, ишонманг. Ҳеч қандай ишхона текинга уй-жой тайёрлаб бермайди.

Унутманг, Канадага тилни билмасдан кетишнинг иложи йўқ. IELTS ёки француз тилидан ҳалқаро сертификатсиз Канадага ишлашгаям, ўқишгаям, яшашгаям бориб бўлмайди. Шунчаки имконсиз.

Хулоса ўрнида

Сохта эълонни тарқатганларга маслаҳатим — унақа қилманг, пулингизни ҳалол топинг. Агар чиндан ҳам ўша пиццерия билан шартномангиз бўлса марҳамат, эълон қилинг».

P.S.: агар Сизга хориждан иш таклиф қилишаётган бўлса, мана бу ерда ёзилган маслаҳатларни ўқиб чиқишни ва агентликни текшириб олишни маслаҳат бераман.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek