Тошкентда прописка бўйича ИИББ баёнотига муносабат
Кечаги ИИББ баёноти бўйича муносабатим
Тошкент шаҳар ИИББ прописка ҳақидаги постимга рус тилида расмий муносабат билдирди.
Муносабатдаги энг муҳим қисми, бу – 4-банди. Унда айтиладики, ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг 14.12.2017 йилдаги 22/25297-сонли кўрсатмасида янги уй сотиб олиб, 1-банд билан пропискага кирганларнинг ФАҚАТ эр ёки хотин, ўз оиласи бўлмаган вояга етган болалари ва эр-хотиннинг биргаликдаги ва/ёки олдинги никоҳидан ёки никоҳсиз туғилган вояга етмаган болалари, шунингдек фарзандликка олинган болаларигина 2-банд билан билан прописка қилиниши мумкинлиги белгиланган экан.
Мана шу кўрсатма қонунга хилофлигини наҳотки ҳалигача тушунишмаётган бўлса?!
Биринчидан, ИИВ бошқармасининг кўрсатмаси норматив-ҳуқуқий ҳужжат эмас.
Иккинчидан, қонунчиликда кўрсатилмаган қоидалар асосида халқнинг аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган тақиқлар белгилашга ИИВ бошқармаларининг мутлақо ҳаққи йўқ.
Тушунтираман.
ҚОНУНдан кўчирма (14.09.2011):
1. Қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган ЎзР фуқаролари — хусусий мулк қилиб олинган уй-жойга;
2. Қариндошлар — ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига... доимий прописка қилинади.
ВМ ҚАРОРИ (16.02.2012, №41):
7-2. Рўйхатнинг 1 ва 8-бандлари асосида Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Рўйхатнинг 2-банди асосида доимий прописка қилинадилар.
ИИВ буйруғи билан тасдиқланган ЙЎРИҚНОМА (01.05.2012, №71):
4. (саккизинчи хатбоши) Рўйхатнинг 1 ва 8-бандлари асосида Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Рўйхатнинг 2-банди асосида доимий прописка қилинади.
Юқоридаги Қонун, ВМ Қарори ҳамда вазирлик йўриқномасида янги уй сотиб олиб, 1-банд билан прописка қилинганларнинг қариндошлари (ўз-ўзидан тўғри шажара бўйича 1 ва 2-даражали) 2-банд билан прописка қилинади дейилган. Тамом. Ҳеч қанақа чеклов йўқ.
Барака топгур, бюрократлар, мана шу 3та ҳужжат хулоса қилиш учун етмайдими Сизларга?
Бу худди бир парча қор бўлагидан қорбобо ясашга ўхшайди. Токи Конституциядан бошланиб, қонунларда давом этиб, энг пастки бўғинга етиб боргунгача, қор бўлаги юмалаб, янада оғирлашиб бораверади. Халқнинг аҳволи ҳам худди шу вазиятда борган сари оғирлашиб, “нафас олиши” қийинлашиб кетяпти.
Ўзингиз ўйланг, ҳурматли муштарий, вазирликдаги бошқарма бошлиғи ким бўлибдики, Қонунлар, ҳукумат қарорлари ва ҳаттоки ўзининг вазири тасдиқлаган йўриқномани тан олмасдан, халқнинг аҳволини янада оғирлаштирадиган, фуқароларга қийинчилик туғдирадиган кўрсатма бериши мумкин? Бошқарма бошлиғи қонунни имзолаган Президентдан, қарорни имзолаган Бош вазирдан, буйруққа қўл қўйган вазирдан ҳам устунми? Бунга қандай чидаш мумкин? Қайси ақл билан буни тушунтирса бўлади?
Ва яна Тошкент шаҳар ИИББ уялмасдан мана шу кўрсатмани расмий сайтида ўз ҳаракатларини оқлаш учун асос сифатида келтираётганини қаранг.
Тасаввур қилиш учун, бир тўқима мисол келтираман:
Дейлик, Қонун, ВМ қарори ҳамда ИИВ йўриқномаларида БАРЧА фуқароларга загранпаспорт берилиши белгиланган. Лекин ИИВ бош бошқармаси кўрсатма чиқариб, ФАҚАТ Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Бухоро вилояти аҳолисига загранпаспорт берилсин, қолганларга берилмасин, деб топшириқ берганга ўхшайди ҳозирги ҳолат.
Дўстона маслаҳат!
Ички ишлар вазирлигининг раҳбарияти тажрибали, узоқни кўра биладиган инсонлардир. Улар худди шу масала юзасидан бўлаётган воқеалар охир-оқибат вазирлик имиджини кескин тушириб юбориши мумкинлигини яхши англай оладилар, деган умиддаман.
Шу сабабли бунга ўз ташаббуслари билан чек қўйишларини чин дилдан тилаб қоламан. «Кимгадир чора кўрилсин, фалончи жазолансин», деган иддаолар билан чиқиш ниятим йўқ, шунчаки халқимизга қонунларда белгиланган ҳуқуқларидан эркин фойдалана олишлари учун имкон беринглар, илтимос. Бошқа нарсани сўрамайман.
P.S.: шу масала бўйича муаммога учраган инсонлар аллақачон судга ариза топшириб қўйишди.Кўрамиз, воқеалар ривожи нима бўларкин. Номи ўчсин, шу прописканинг...
👉 @xushnudbek 👈

