Тошкент шаҳар ИИББ ва ИИВ фаолиятидаги фарқлар ҳақида

Matn10-iyun, 2019, 21:582 daqiqa0 koʻrish

Manba:Muhrim / Муҳрим

Тушунишим бўйича, Тошкент шаҳар ИИББ ва Ўзбекистон ИИВ — бошқа-бошқа олам. Одамлар давлатнинг ҳеч бир органидан кутмаган инсоний қиёфани Тошкент шаҳар ИИББда кўрганини айтмоқда. Қайси журналистдан сўрама, Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматини мақтаган (Бош прокуратураники билан бирга). ИИББ масъуллари (офицерлар, катта офицерлари ҳам!) журналистлар билан дўстона муносабатда, исталган саволга жавоб беришга ҳаракат қилади. Хуллас, Тошкент шаҳар ИИББга саволдан кўра мақтов кўп (албатта, фаришта эмас).

ИИВдан келганлар эса: «Пулинг бўлса тонировкада юр, бўлмаса — юрма», дейди (барака топкур, тонировка фақат олифтагарчилик учун эмас, қуёшдан сақланиш учун ҳам керак — киракаш жиянларингни териси куйиб кетган чап қўлларини кўрмаганмисан, дейдиган одам йўқ); «Кўпчилик бир бўлиб, бирламчи бозордан битта квартира сотиб олиб, Тошкентдан доимий пропискали бўлиши — бу қонунчиликдаги туйнук, уни ёпиш бўйича ҳужжат тайёрладик», дейди уялмай, ИИВдан келган бошқа бир вакил (суриштирсанг, туғилган вақти ўзида ҳам Тошкент пропискаси бўлмаган асли).

Тошкент шаҳар ИИББдагилар ўзини ҳеч бўлмаса одамгарчилиги бордек кўрсатишга, ўзини маданиятли тутишга, 2016 йилдан кейин (сал-пал бўлса-да) ўзгарганини билдиришга ҳаракат қилаётгандек. ИИВ вакиллари бераётган баъзан тутуриқсиз, баъзан қўпол жавоблар эса ўша 2016 йилдан аввалги, қўпол, дағал, тақиқлашни яхши кўрадиган, кўп гап қайтарсанг («шунақа ақллимисан?»), қўл кўтаришдан ҳам тоймайдиган милиционерларни ёдга соляпти. Улар, афтидан, ўзига тенг одамлар билан гаплашаётганини ҳис қилмаяпти. Одамлар уларнинг олдида эмас, улар одамларнинг олдида ҳисобдорлигини тушунмаяпти ҳали ҳам.

Менимча.

Ҳа-я, айтмоқчи — мен бир соҳада иккита мана шунақа фарқли (ҳатто бир-бирига зидроқдек) оламлар пайдо бўлиб қолганидан ҳайратда эмасман. Сочига оқ тушиб кетган пенсионерлар (ёки муддатидан аввал пенсия ёшига етиб қўйганлар) курсини ёшларга бўшатмай, (20 йил аввалгидек эскичасига, ўзи билганидек, атрофга хизмат машинасининг ойнасидан қараб) ишлашда давом этаверса, шунақа бўлади ўзи. Адашмасам.

https://t.me/joinchat/AAAAAEG2GQMHhMdalJO5IQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek