Юксалиш ҳаракати прописка тизимини ислоҳ қилишга чақирди
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага қўйиш тартиби юзасидан
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати прописка мавзусида муносабат билдирди.
«Шу кунларда ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага қўйиш тартиби фаол муҳокама қилиниб, кенг жамоатчиликнинг турли фикр-мулоҳазаларига сабаб бўлмоқда», - дейилади муносабатда.
Жумладан, Ўзбекистонда прописка бўйича ўрнатилган ушбу тартиб фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларидан тўла-тўкис фойдаланишига, урбанизация жараёнлари, ижтимоий ривожланиш, хусусан истиқболли ёшлар, малакали кадрларнинг хорижда ишлаш учун мамлакатни тарк этаётганликлари ҳақида кўплаб фикрлар билдирилганлиги қайд этилган.
Ҳаракатнинг эслатишича, 2018 йилда Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик ва инновацион технологияларни қўллаб қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 56-бандида Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш белгиланган эди.
Мазкур банд ижроси юзасидан бир қатор ишлар қилинди, лекин шунга қарамай, Давлат дастурида Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш тартиби назарда тутилган бўлсада, ушбу масала тўлақонли амалга оширилмаган. Бу эса фуқаролар томонидан эътирозларнинг янада кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Ўз навбатида, Ҳаракат фуқароларнинг айни шу масала — Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка бўйича амалдаги тартиб юзасидан фикрларини ўрганди. Хусусан, Телеграм тармоғидаги Жамоатчилик фикри саҳифасида жорий йилнинг 3–11-июнь кунлари давомида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Унда 17 минг 700 нафардан зиёд фуқаролар иштирок этиб, респондентларнинг асосий қисми, яъни 49 фоизи ушбу тартиб фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига мутлақо зид эканлигини таъкидлади.
Кўриниб турибдики, Давлат раҳбари томонидан тасдиқланган Давлат дастурига киритилган ушбу банднинг амалга оширилиши бугунги кунда долзарб эканлигини жамоатчилик фикри натижалари ҳам тасдиқламоқда.
Фикримизча, белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлақонли амалга оширилганида, бугунги кунга келиб фуқароларнинг норозилиги ва муҳокамаларига сабаб бўлмас эди. Аксинча, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига амал қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада ошишига, урбанизация жараёнларига, ижтимоий ривожланиш, хусусан, истиқболли кадрларнинг хорижга чиқиб кетишининг олди олинишига хизмат қилган бўлар эди, - деб ҳисоблайди Ҳаракат.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу масала юзасидан қўйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди:
• Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка қилиш тартибини турар жойи бўйича ҳисобга олиш тизими билан алмаштириш. Бунда ҳисобга олишни Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали соддалаштирилган тартибда амалга ошириш;
• Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини эътироф этишни нафақат бирламчи бозор, балки иккиламчи бозорда, шунингдек умрбод ўзгага берилганда ёки ҳадя қилинганда ҳам бериш тартибини жорий қилиш.
Муносабат тугади.
P.S.: қўпол қилиб айтганда, "чёткий" чиқиш бўлибди ома лекин.
👉 @xushnudbek 👈
