Фуқаро Тошкент пропискаси масаласида судда ютиб чиқди
Яна бир фуқаро прописка масаласида судда ютиб чиқди
Кун.уз нашри яна бир фуқаро прописка масаласида судда ютиб чиққани ҳақида хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, фуқаро Ш.Ж.нинг отаси ва онаси биргаликда март ойида умумий мулк ҳуқуқи асосида Тошкент шаҳридан янги квартиралардан бирини харид қилишади ва 1-банд билан доимий прописка қилинади.
Бироқ, «паспорт стол» Ш.Ж.ни фарзанд сифатида ота-онаси орқали 2-банд билан пропискага қўйишни рад қилган. Бунга сабаб сифатида унинг оиласи борлигини кўрсатишган.
Фуқаро ўз ҳуқуқларини талаб қилиб, судга берган ва охир-оқибат унда ютиб чиққан.
Аслида бу воқеанинг тарихи узун. Имкон қадар хронологик тартибда тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Воқеа тарихи
13 март. Ёдингизда бўлса, 1-банд билан пропискага кирганлар оиласи бор фарзандларини ҳам прописка қила олиши ҳақида ҳуқуқий маслаҳат ёзган эдим.
https://t.me/xushnudbek/1910
14 апрель. Шундан сўнг, бир муштарий хат юбориб, “паспорт стол” ёзма хат билан расман пропискага қўйишни рад қилганини билдирди. Бу ҳақида ҳам каналимда батафсил ҳуқуқий изоҳ қолдирдим ва албатта ўша муштарийга бу қарор устидан маъмурий судга шикоят қилиш учун ёрдам беришимни айтгандим.
https://t.me/xushnudbek/2093
17 апрель. Тошкент шаҳар ИИББ расмий сайти орқали мен ёзган ҳолатга изоҳ бериб, прописка қонуний асосда рад қилингани, чунки ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг 2017 йил 14 декабрдаги 22/25297-сонли Кўрсатмасида оиласи бор фарзандларни 2-банд билан пропискага киритмаслик кераклиги баён қилинганини айтишди.
https://t.me/xushnudbek/2110
18 апрель. Тошкент шаҳар ИИББнинг ушбу расмий баёнотига каналим орқали ўз муносабатимни билдириб, ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси қонунга хилоф ҳамда халқнинг аҳволини янада оғирлаштирадиган, фуқароларга қийинчилик туғдирадиган кўрсатма берганини таъкидладим. Ва постим охирида шу масала бўйича муаммога учраган инсонлар аллақачон судга ариза топшириб қўйгани, воқеалар ривожи нима бўлишини кутишимизни айтгандим.
https://t.me/xushnudbek/2111
29 май. Яшнобод туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан фуқаронинг бузилаётган ҳуқуқлари тикланди. “Паспорт стол” фуқарога ноқонуний рад жавоби бергани, ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг кўрсатмаси эса ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмаслиги ҳамда қонунчиликка мувофиқ келмаслиги расман тасдиқланди!
Суд қарорига биноан, “паспорт стол” зиммасига оиласи борлиги учун прописка рад қилинган фуқарони 2-банд билан Тошкент пропискасига киритиш мажбурияти юкланди.
Яшасин, одил суд!!! ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига эса – уят, уят!!!
Унутманг, ҳақ олинур, берилмас! Ҳаққини билган кўчада қолмайди!
P.S.: бундан аввал биргаликда уй сотиб олган бир неча фуқаролар прописка масаласида судда ютиб чиққани ҳақида хабар берилган эди.
👉 @xushnudbek 👈
