Абитуриентлар учун онлайн қабул хизмати нега ишламаяпти
Онлайн қабул хизмати қачон ишга тушади?
#abituriyent
Жорий йилги қабул жараёнларида абитуриентлардан my.gov.uz портали орқали ҳужжат қабул қилиш йўлга қўйилиши ҳақида кўп ва хўб гапирилганди.
Ўзим ҳам бир неча бор бу ўзгаришни мақтаб, энди хориждаги ёшларимиз ҳужжат топшириш учун Ўзбекистонга келиши шарт эмаслиги, бу уларга яна бир имкониятлигини ёзгандим.
Аммо охирги дақиқаларга бориб вазият бироз ўзгарди. Энг аввало барча ОТМга ҳужжат топшириш мумкин, дейилган жойида фақат 5 та ОТМга дейишди. Хўп, дедик.
Лекин қабул жараёнлари бошланганига 18 кун ўтганига қарамасдан ўша 5 та ОТМга ҳам онлайн ҳужжат топшириш хизмати ишга тушмади. Бунга сабаб нима? Қабул тугашига 2-3 кун қолганда хўжакўрсинга бу хизматни ишга тушириб, номига борми-бор демоқчимизми?
Ваҳоланки, биз ҳаводан олиб сўраётганимиз йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг 07.06.2019 йилдаги 468-сонли қарорида абитуриентлар ҳужжатларини Ягона портал орқали ҳам топшириши белгилаб қўйилган эди.
Нега Ҳукумат қарорининг ижроси бажарилмаяпти? Ажойиб савол-а? Бу саволни беравериб, беравериб, сийқаси чиқиб кетяпти, рости.
Ўзи шу 468-қарор жуда бир ажойиб қарор бўлиб чиқди. Ҳеч қандай муҳокамага қўйилмасдан, ими-жимида қабул қилингани етмагандай, ҳали 1 ой ҳам ўтмай туриб, Ҳукумат қарорининг нақ 4 та банди ишламаяпти. Келинг, санаймиз:
1) Қарорда онлайн қабул бўлади, дейилганди, ҳалигача бўлмаяпти;
2) Қарорда абитуриентлар ҳужжатни қайси ДХМга топширган бўлса, ўша ҳудудда, агар онлайн топширса, доимий пропискаси бор ҳудудда тестга киради, деб ёзилганди, лекин амалиётда тестга кириш ҳудудини эркин танлаш мумкин;
3) Қарорда ҳужжат топширганлик учун 101 минг сўм давлат хизмати учун ҳақ олинади деб ёзилганди, лекин оғзаки буйруқ билан амалиётда пул олинмаяпти (танқидларимиздан фойда бергандир балки);
4) ЖИДУнинг дастлабки имтиҳони июнь ойида ўтказилсин, деган ўта мантиқсиз ва бошқа қарорларга зид қоида киритилганди, бу ҳам амалга ошмади. Аниқроғи амалга оширишмоқчи эди, аммо танқидларимиздан кейин ноилож вазиятни ўзгартиришди.
Биргина ҳолат бизга бироз таскин беради, яъни юқоридагиларнинг учтаси (1-банддан ташқари) абитуриентлар фойдасига ишламоқда. Яъни қарорлардаги бандлар абитуриентлар фойдаси учун бажарилмаяпти. Аммо бизни ўйлантирадиган бошқа жойи, нима учун битта қарорда бунча кўп зиддиятлар ва камчиликлар мавжуд? Лойиҳа муаллифлари ва экспертизадан ўтказганлар, наҳотки бунга эътибор қилишмаган бўлса? Майли, буниси бошқа масала.
Асосий савол: онлайн ҳужжат топшириш қачон ишга тушади, акалар?
👉 @xushnudbek 👈
