Халқ банки ИНПС ва пенсия тизими бўйича муносабат билдирди

Matn11-dekabr, 2018, 14:093 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Телеграм каналимдаги постга Халқ банки муносабат билдирди

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг Телеграм каналида жорий йилнинг 1 декабр куни жойланган “ИНПС ва Халқ банкининг бош оғриғи” мавзусидаги мақолага муносабат:

Маълумки, 2004 йил 2 декабрдаги “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 декабрдаги 595-сонли Қарорига асосан 2005 йил 1 январдан бошлаб, жамғариб бориладиган пенсия (ЖБП) тизими амалиётга татбиқ этилган.

Ушбу қонун билан фуқароларнинг ЖБП маблағларига Халқ банки томонидан ҳар йили мамлакатимиздаги инфилиациядан кам бўлмаган миқдорда қўшимча фоиз тўлаб борилади. Мисол учун ўтган йилда инфилация даражаси 14,4 фоиз бўлгани учун, банк фуқароларнинг маблағларига 14,5 фоиз устама ҳақ тўлаб берди.

ЖБП бадалларининг миқдори ҳар йили Давлат бюджетини шакллантириш вақтида белгиланади. Ушбу миқдор 01.01.2005 йилдан 31.12.2017 йилгача даромад солиғига тортиладиган жами иш ҳақи даромадининг 1%ини ташкил этган бўлиб, 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон Президент Қарорига асосан, 2018 йил 1 январдан бошлаб иш ҳақининг 2%и этиб белгиланди.

Энг асосийси ушбу тўлов фуқароларнинг иш ҳақиси ҳисобидан эмас, балки даромад солиғи ҳисобидан ўтказилади. Яъни, фуқаронинг даромад солиғига тортиладиган иш ҳақисининг 2% миқдори давлатга тўланадиган даромад солиғидан чегирилиб, фуқаронинг Халқ банкида очилган шахсий пенсия ҳисобварағига ўтказилади. Бунда фуқаро оладиган иш ҳақиси камаймайди, аксинча давлат унинг номига қўшимча маблағни йиғиб боради. Буни эса, фуқароларнинг фаровон яшаши учун давлат томонидан бериладиган ойлик пенсияга қўшимча мадад пули деб ҳисоблаш мумкин. Шундай қилиб, ўтказилган бадаллар иш берувчининг ҳам, ишловчи фуқаронинг ҳам моддий манфаатларига зиён етказмайди.

ЖБП тизими маблағларидан инвестиция ва кредит ресурслари сифатида фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Халқ банки томонидан амалга оширилади.

ЖБП тизими маблағларини молиявий воситаларга жойлаштириш тартиби Молия вазирлиги ва Марказий банки томонидан белгиланади.

Хусусан, Ўзбеккўмир АЖ, Ўзбекэнерго АЖ, Тошбозорсавдо уюшмаси, Hyatt Regency меҳмонхонаси ЖБП тизими маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.

Молия вазирлиги ва Марказий банкининг тегишли режа-топшириқларига асосан ЖБП тизими маблағларининг асосий қисми Президент ва Вазирлар Маҳкамаси Қарорларига асосан имтиёзли фоизларда иқтисодиётнинг асосий тармоқлари ва йирик ишлаб чиқариш объектлари инфраструктураларида стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларга жойлаштирилган.

Таъкидлаш лозимки, вафот этган фуқароларнинг меросхўрларига (асосан оила аъзолари) шахсий ЖБП ҳисобварағида жамғарилган маблағларни Халқ банки томонидан ўз вақтида тўлаб берилмоқда ва банкда қолиб кетаётгани йўқ.

Шунингдек, келгуси йилда ЖБП тизимига мажбурий ўтказмаларнинг 0,1%га тушиши Халқ банки ва ЖБП тизимига ҳеч қандай зарба бўлмайди. Чунки Халқ банки ҳам бошқа тижорат банклари сингари асосий даромадни ўз мижозларига турли фоизларда кредит тақдим этишдан олади. ЖБП тизимида йиғилган маблағлар эса асосан иқтисодиётнинг асосий тармоқлари ва йирик ишлаб чиқариш объектлари инфраструктураларида стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларни имтиёзли фоизларда молиялаштиришга сарфланади. Албатта, жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ҳисобидан фуқароларга фоизли даромадлар қўшиб берилмоқда.

Ғолиб ЭШМИРЗАЕВ,
Жамғариб бориладиган пенсия
таъминоти тизимини бошқариш
департаменти директори

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek