Уюшмаган ёшлар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш таклифи
ТАКЛИФ: «уюшмаган ёшлар» ўртасида ҳам фан олимпиадалари ўтказилиши керак
Хабарингиз бор, ҳар йили мактаб, коллеж ҳамда академик лицей ўқувчилари ўртасида фан олимпиадалари ўтказилади. Фан олимпиадаларининг нуфузини ошириш мақсадида республика босқичида дастлабки учта ўринни қўлга киритган ўқувчилар ОТМга имтиҳонсиз бюджет асосида қабул қилинади.
Лекин масаланинг бошқа томонига ҳам эътибор қилиш керак. Ҳар йили тахминан 600-700 минг нафар ўқувчилар ОТМга кира олмай, «кўчада қолади». Бу жуда катта рақам! Уларнинг айримлари тушкунликка тушмасдан, кейинги йилга яна тайёрланишни давом эттирса, яна баъзи бирлари бир амаллаб иш топиб, меҳнат қилишни бошлайди, қолганлари эса Россияга йўл олишади. Яна қанчадир минг нафари ота-онасининг қистови билан турмушга чиқиб, ўқиш ва илм олиш орзусидан бир умрга воз кечиб қўя қолади.
Шу ўринда бир нарса ўйлантиради: айримлар «уюшмаган ёшлар» деб аташни яхши кўрадиган мана шундай юз минглаб ёшлар ўртасида нима учун фан олимпиадалари ўтказилмаслиги керак? Нима учун уларга ҳам қўшимча равишда ўқишга имтиёзли кириш ҳуқуқи берилмаслиги керак? Уларнинг айби омади келмай, ўқишдан йиқилганими?
Таклифим: ўқишга кира олмаган абитуриентлар ўртасида ҳам турли фанлардан фан олимпиадалари ташкил қилиш керак. Ва бу ўқиб турган ўқувчилардан алоҳида бўлиши керак. «Уюшмаган ёшлар» учун имтиёзли ўринларни ҳам кўпайтириш керак, масалан, республикада дастлабки 3 та ўрин эмас, балки 10 та ўринга имтиҳонсиз ўқишга кириш имконини бериш керак. Агар жорий йилда 102 минг нафардан ортиқ талаба ўқишга қабул қилинганини ҳисобга олсак, унда 100-150 нафар ўқувчига имтиёз берилса, «давлат қашшоқлашиб қолмайди». Лекин бунинг фойдали томонлари катта.
Аввало ўқишдан йиқилган «уюшмаган ёшлар» ҳам илмдан узилиб қолмайди, кўнгли совиб бутунлай қўлига китоб ушламайдиган бўлиб кетмайди. Аксинча, мана шу фан олимпиадаси баҳонасида бир неча ўн минглаб ёшларни яна илм билан банд қилиб қўйиш мумкин.
Бундан ташқари ота-оналар ҳам фарзандларининг ўқишини янада жиддийроқ назорат қилиши, уларни руҳлантириши учун сабаб пайдо бўлади.
«Уюшмаган ёшлар» ўртасидаги фан олимпиадасида иштирок этиш тартиби жуда содда бўлиши керак. Ким хоҳласа қатнашаверсин. Аризаларни онлайн топшириш имкони бўлсин. Имтиҳонлари катта павильонларда, шаффоф тарзда ўтсин. ОАВларда кенг ёритилсин, керак бўлса жонли эфирлар бўлсин. Ана шунда имтиҳонсиз бюджетга кириш имконини берувчи 10 та ўриндан бирини қўлга киритишни истаган бир неча ўн минглаб ёшлар ўртасида ҳақиқий билимлар «жангини» уюштириш, катта интеллектуал байрамни ташкил қилиш мумкин. Мандат куни ўқишга кира олмаганини кўрган ва ўзини дунёдаги энг омадсиз инсон деб ҳис қилган ёшлар кўзида ишонч уйғонсин, ҳаётга қизиқиши яна қайта пайдо бўлсин. Бу эса фақат ва фақат жамият учун фойда бўлади, зарар эмас.
Албатта буларнинг барчаси ИМҲО.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

