Солиқ кодексидаги ўзгаришлар ва ИНПС тизими таҳлили

Matn1-dekabr, 2018, 22:042 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳақида фикрлар

Бугундан бошлаб имкон доирасида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ҳақидаги туркум фикрларни бериб боришга ҳаракат қиламан.

ИНПС ва «Халқ банки»нинг бош оғриғи

Маълумки, 2018 йилдан бошлаб жами даромадимизнинг 2 фоизи Халқ банкидаги шахсий жамғариб бориладиган пенсия (ИНПС) ҳисобига ўтарди (2005-2017 йилларда 1% эди). Ва бу сумма «Халқ банки»да тўпланиб, пенсияга чиққанда бирваракайига ҳамма жамланган сумма бериларди. Пенсияга чиққандан кейин ушбу пулни олсак, бу биз учун ДАРОМАД ҳисобланарди. Ҳозирги Солиқ кодексининг 179-модданинг 27-бандига кўра, ушбу пуллар даромад солиғидан озод эди.

Янги лойиҳа бўйича ИНПСга 2019 йилдан 0,1% пул ўтиши белгиланмоқда. Бу нима дегани?

Биз учун арзимаган кўринган сумма Республика миқиёсида миллиард ва триллиардга айланарди. «Халқ банки» мазза қилиб бу пулни ишлатарди. «Оборот» қиларди ва бошқа банк мақсадларига сарфларди. Бугун ўтказадиган 50 минг сўм пулимизни 30 йилдан кейин яна 50 минг сўм қилиб қайтарарди. Нақадар даҳшат - 30 йиллик инфляцияни ўйлайверинг. У пайтга келиб “копейкага” айланади бу пул. Яна бир томони ҳамма ҳам ушбу пулларни олишни талаб қилавермасди, кўпинча бу пуллар «Халқ банки»да қолиб кетарди (асосан шахснинг вафот этиши натижасида).

2019 йилдан ИНПСнинг 0,1% бўлгани ишчиларга деярли иссиқ-совуғи йўқ.

Фақат бир жиҳати борки, айрим ақлли одамлар иш ҳақидан мажбурий ўтказиладиган 2% ажаратмадан ташқари қўшимчасига ўз ихтиёри билан иш ҳақидан яна бир мунча миқдорни тўғридан-тўғри ИНПСга ўтказарди. Бу қўшимча ўтказилган сумма ҳам даромад солиғидан озод этиларди. Одатда бу ишни пенсия ёшига яқин қолганлар қиларди, чунки қанчадир фоиз даромад солиғи тўламасди, лекин йиллик инфляция ҳисобига қисман бой берарди ҳам, умумий натижада унча юқори бўлмаган фойдада чиқарди.

Янги лойиҳада ИНПСга ихтиёрий ўтказиладиган мана шу қўшимча маблағлар учун имтиёз бекор қилиняпти ва даромад солиғига тортилади.

ХУЛОСА: ИНПСга мажбурий ажратма 2%дан 0,1%га айлангани «Халқ банки»га жуда катта зарба бўлади, тушумлар яхшигина камаяди. Бундан ташқари ихтиёрий ўтказувчилар келгуси йилдан батамом қолмайди. Натижада шундоғам аҳволи ҳавас қиларли бўлмаган «Халқ банки» иқтисодий таназзулга юз тутиш эҳтимоли йўқ эмас. Балки давлат ушбу банкка бошқача рағбат берар. ИМХО, албатта.

Ушбу туркум постлар солиқ соҳаси мутахассислари билан ҳамкорликда тайёрланмоқда.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek