Нурафшонда мактаблар ўртасида Заковат турнири ўтказилди
Кеча Нурафшон шаҳри (аввалги Тўйтепа) мактаблари ўртасида “Заковат” турнири бўлиб ўтди. Айтсам балки ишонмассиз, ушбу турнир Нурафшон шаҳар прокурори Муратов Жаҳонгир ташаббуси билан ўтказилди ва ғолиб жамоага “Прокурор кубоги” топширилди.
Интеллектуал мусобақада Нурафшоннинг 13 та мактабидан жами 26 та жамоа қатнашди, яъни ҳар бир мактабдан 2 тадан жамоа.
Жамоаларга 24 та савол берилди ва улар ўз жавобларини махсус қоғозларга ёзган ҳолда тақдим қилишди. Ҳар бир топган тўғри жавобга 1 очкодан берилди, якунда энг кўп жавоб топган жамоа ғолиб бўлди.
Умумий натижаларга кўра, 13-мактабнинг “Qalqon” жамоаси 12 очко билан 1-ўринни, 62-мактабнинг “Respect” жамоаси 11 очко билан 2-ўринни, 9-мактабнинг “Nur” жамоаси эса 9 очко билан 3-ўринни қўлга киритди.
Ростини айтсам, болалар жуда мазза қилишди. Саволларни муҳокама қилиш жараёнида шунақанги киришиб кетишдики, уларни кўриб менинг завқим келиб кетди. Тўғри жавоб топган пайти болаларнинг қувончдан ҳайқиришларинику айтмаса ҳам бўлади.
Кеча Нурафшон шаҳрида бўлган тадбирнинг шахсан мен учун қувонарли жойи, бундай хайрли ташаббус айнан шаҳар прокуроридан чиққани ва шаҳар халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда ташкил қилингани бўлди (эътиборли томони прокурор ҳам, "гороно" мудири ҳам янги, ёш кадрлардан). Қолган таълимга мутасадди шахслардан ҳам илмга қаратилган лойиҳалар бўйича ТАШАББУС кутиб қоламиз, ҳамкорликка эса биз доим тайёрмиз.
ШУ ЖОЙИГА ДАРДИМНИ АЙТИБ ОЛАЙ:
Худди шунақа турнирларни мактаблар, коллеж ва лицейлар, ОТМлар ўртасида ўтказиш ҳақида турли жойларда бир неча йиллардан буён таклиф бериб келамиз. Лекин қўллаб-қувватлайдиганлар, билимга оид лойиҳаларга эътибор берадиганлар топилмаяпти.
Масалан, Халқ таълими тизимида 10 минглаб мактаблар ўртасида худди шунақа интеллектуал турнирни ўтказиш мумкин. Аввал туманлар кесимида, кейин вилоят босқичи ва охирида республика босқичи. Ишонасизми, бутун республика бўйлаб турнирни ўтказиш учун атиги 2 ҳафта етарли бўлади. Ва энг асосийси “Заковат” турнирлари деярли харажат ва ортиқча овогарчиликларни талаб этмайди. Нари борса совғаларга харажат кетади холос.
Тахминан 70 мингга яқин мактаб ўқувчиларини қамраб олса бўлади. Агар доимий тўгараклар ташкил қилинса, ҳар ҳафта 200-300 минг ўқувчини интеллектуал тўгаракларга жалб қилиш мумкин. Тасаввур қиляпсизми, ҳар ҳафта!
Бунинг учун бизда, яъни “Заковат” клубида ҳамма имконият етарли. Энг юқори савияда ва болаларнинг узоқ вақт хотирасида қоладиган даражада ташкил қилиб бера оламиз.
Фақат юқорида айтганимдай, бунга ҳақиқатдан қизиқадиганлар кам, миллардлаб пул сарфланадиган ва самараси кам бўлган лойиҳалар тезда амалга ошиб кетади, лекин арзимаган харажат билан ёшларни билимга чорлайдиган лойиҳаларга қизиқиш билдиришмайди. Товба, тескари дунё...
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
- 👍 3
