Тошкент аҳолиси сони бўйича расмий ва норасмий маълумотлар

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0tahrirlangan

Manba:Тошкент кўчалари

Тошкентда қанча одам яшайди?

Давлат статистика қўмитасининг ёзишича (.pdf), 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 32 653 900 кишини ташкил этган. Шундан 7,6 фоизи — 2 481 696 (яна 0,4 қолдиғи ҳам бор) киши Тошкент шаҳрида яшайди. Келинг, умумлаштириб, Тошкентда расман 2,5 миллион аҳоли яшайди, деймиз.

Президентнинг Андижондаги кечаги селектори яна тарихий бўлди. Биргина «ДХХ кўрган тушингдан бошқа ҳаммасини билади» деган баёнотнинг ўзи қанчалик тарихий (Сноуден, тузукмисан?). Яна, Дарё-Лайвнинг ёзишича, селекторда Жаҳонгир «Artel» Ортиқхўжаев Тошкентда 3,5 миллион аҳолига бош қилингани айтилибди.

Қизиқ. 3,5 миллион — бу шаҳарнинг доимий аҳолисимикин ё ҳар кунлик келди-кетдиларнинг иштирокчилари, ё вақтинчалик прописка билан яшаётган, ё умуман пропискасизлар, хуллас, шаҳарга қисқа ва узоқ муддатга кириб чиқаётган ҳамма назарда тутилганмикин? Ё расмий статистика хатоми?

Умуман олганда, яна бир қизиқ жиҳат бор — 1991 йили Ўзбекистон доимий аҳолиси сони 20,6 миллион кишини ташкил этган (.xls). 2016 йилда эса 31,5 миллион кишидан ошган (25 йилда +11 млн, деярли). Тошкент халқи эса 1991 йилда 2,130 млн киши бўлган бўла, 2016 йилда 2,393 млнга етган (25 йилда +283 минг).

Таққослаш учун, масалан, 1991 йилда аҳолиси сони Тошкент шаҳриники билан деярли бир хил бўлган ва нуқул сувсизликдан қийналадиган Фарғона вилоятида аҳоли сони 25 йилда салкам 1,4 миллион кишига кўпайган; сўнгги чорак асрда электрсизлик, чироқсиз яшаш одатий ҳол бўлиб қолган Самарқанд вилоятида 1991 йилда 2,2 миллион аҳоли бўлган (ўша йилдаги Тошкентники билан деярли бир хил), 25 йилда қарийб 1,5 миллионга кўпайиб, 3,6 миллиондан ошган (25 йил ичида яна қанчаси Гринкард ютиб, Америкага кетган).

Ҳатто экологик шароити оғир Хоразмда ҳам аҳоли сони 25 йилда 710 минг кишига кўпайган. Лекин суви ҳам (нафақат ичимлик, балки иссиқ суви ҳам!), чироғи ҳам, гази ҳам бор, экологияси ҳам ҳаминқадар тузукроқ, иш топса бўладиган, бир сўз билан айтганда, мамлакатнинг энг фаровон гўшаси ҳисобланган Тошкентнинг аҳолиси 25 йилда 283 минг кишига кўпайибди. Албатта, мен бундай статистикага ишонмаган бўлардим.

  • 👍 3
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek