Ўқитувчиларнинг ўқувчиларни уриши ҳақидаги баҳслар
Телеграмдаги «ЗИЁКОР (ўқитувчи мураббийлар канали)» деган каналда “Ўқитувчи уради ҳам, сўкади ҳам!” деган муаллифи номаълум мақола чиқди.
Унда иддао қилинишича, матбуотнинг энг кўп “осилган” соҳаларидан бири таълим тизими, аниқроғи ўқитувчилар бўлаётгани инсонни таажжубга солармиш.
Хориждаги “ғаламис-медиа”нинг “мавзу”си бўлган “ёмон ўқитувчи” энди миллий матбуотимизда юзага чиққанмиш.
Ўқитувчи бировнинг боласини урса-уришса, кўнгилхушлик учун эмас, одам бўлсин, жамиятга фойдали бўлиб етишсин, дегар мақсадда қилармиш.
Ғарбнинг бизга тиқиштирган ғоялари сабаб, “бонг уряпмиз”, қандай қилиб ўқитувчи ўқувчига қаттиқ гапириши мумкин деяётган эмишмиз.
Илгари “Эти сизники, суяги бизники!” дейилган экан, бугун эса нимаймиш “фалон ўқитувчи биринчи синф ўқувчисига бақирганмиш, фалон ўқитувчи ўқувчини сўкканмиш, фистончи ўқитувчи жазо қўллаганмиш...”. “Ия, нима қилишини хоҳлайсиз?”, - дея ҳайратланиб савол беради муаллиф.
“Ким агар “урмай-сўкмай, бир оғиз ҳам қаттиқ гапирмай таълимни ташкил қилса бўлади” дейдиган бўлса, ё Ойдан тушган бўлади ёки хаёлпараст бўлади”, - деб қатъий хулоса ҳам ясайди муаллиф.
Мисол келтириш учун, 2011 йили Буюк Британия таълим вазирлиги мактабларда ўқувчиларни жисмоний куч билан жазолашга расман рухсат берган эмиш. Хитой ҳам ўтган йилдан буён ўқувчиларни керак бўлса калтаклаб тарбиялашга расмий рухсат берганмиш.
Муаллиф фикрларининг охирини қуйидагича якунлайди: “Демади деманглар, қадриятларимиздан бунақа шаклда воз кечиш яхшиликка олиб бормайди...”. (мақолага линк: https://t.me/ziyoilm/4076)
ШАХСИЙ ХУЛОСАЛАРИМ:
1) “Ўқитувчи урмаса, ўқувчи одам бўлмайди”, деган ғояга қаттиқ ишонадиганларни вақт машинасига ўтқазиб, ўша 1-2 аср олдинга қайтараб юбориш керак. Улар таълимнинг самарали усули фақат зўравонликда, қўрқитишда деган сарқит назариялар билан юрган инсонлардир.
2) Ўз устида ишламаган ва замонавий таълим методларини ўзлаштириб, амалда қўллай олмаган ўқитувчиларгина ўқувчига қўл кўтариши мумкин.
3) Қайси соғлом калла билан ўқувчини уришни қадрият сифатида кўриш мумкин?!
4) Ғарбга тош отиб, “ғаламис-медиа” номи билан кўзбўямачилик қилишдан аввал ғарб таълим тизимини яхшилаб ўрганиб қўйишса ёмон бўлмасди.
5) Ўқитувчиларга интернетга кириб замонавий таълим методларини яхшилаб титкилашсин, Рон Кларк академияси ишини ўрганишсин, ҳеч бўлмаса шу инсон ҳақидаги кинони томоша қилишсин (http://xushnudbek.uz/ron-klark-qoidalari/). Бу миллионтадан битта мисол холос.
6) Мақолада келтирилган Буюк Британия ва Хитойда уришга рухсат берилди, деган маълумотлар эса одамларни чалғитиш учун қўшилган. Аслида ишончли манбаларда бу ҳақида гап-сўз йўқ. Интернетга поиск берсангиз, айрим олди-қочди сайтларда шу ҳақида маълумот чиқади холос.
7) “Ўқувчиларни уриш миллий қадриятимиз” деб ишонадиганлар шу қадрият билан ўзлари яшайверсин, лекин буни ўзгаларга сингдиришга ҳаракат қилмасин. Лекин минг афсуски шунақа фикрлайдиганлар таълим тизимимизни орқага тортиб турган илдиздаги қуртлардир.
P.S: Ушбу гапларим барча ўқитувчиларга тааллуқли эмас, бу фақатгина ўқувчиларига қўл кўтаришни ўзига фарз деб биладиган, ёки Бекободдагига ўхшаб, ҳамкасбидан ўч олиш учун болаларни пешонасига атай 2 қўйиб, расмга оладиган нусхаларга тегишли. Улар аслида ўқитувчи ҳам эмас, бундай шарафли номга нолойиқ.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
- 👍 3

