ДТМ тест саволлари тузиладиган дарсликлар бўйича жавоблар
Дарсликлар бўйича жавоблар
Бироз олдин электрон почтамга orgtest2012@*****.ru манзилидан бир хат келиб тушди. Рости ушбу хат кимдан келганини аниқ билмадиму (менимча, ДТМ масъуллари юборишган), лекин унда тест саволлари тузиладиган дарсликлар бўйича кеча ёзган саволларимга асослантирилган жавоблар берилган экан. Ушбу жавобларнинг мазмунини сақлаб, ҳажман қисқартирилган кўринишда эълон қиламан:
1️⃣ ДТМ сайтидаги дарсликлар рўйхати бу ҳақиқатдан тасдиқланган охирги рўйхат экан. Тест саволлари ушбу дарсликлардан тузилиши аниқ, кейинчалик ўзгармайди, хавотир олмасангиз ҳам бўлади.
Шунингдек, жавоб хатида аниқлик киритилганки, дарсликлар рўйхати Давлат қабул комиссия томонидан тасдиқланмас экан, балки тест синовларига тайёргарлик кўриш учун таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан тавсия этиларкан.
2️⃣ ДТМ сайтида бадиий адабиётлар рўйхати ҳам келтирилган бўлиб, ушбу асарларни тўлиқ ўқиш тавсия этилади. Айримлар ўйлагандек фақат дарсликлардаги қисқартирилган вариантини эмас. Бу қарорни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Эслатиб ўтаман, ДТМ сайтида мустақил (қўшимча) ўқиш учун ўзбек тилида адабиёт фанидан 10 та бадиий асар рўйхати кўрсатилган, рус тили ва адабиёти фани бўйича эса 4 та адабий танқид, 24 та проза, 22 та поэзия, 7 та драматургия ва А.Навоий "Ҳамса"си, ғазаллари, Бобур ғазаллари ва рубоийлари, Увайсий, Муқимий, Фурқат ижоди, шунингдек, 13 нафар 20 аср ўзбек адабиёти вакилларининг ижодини ўқиш тавсия этилган. Ўзбек ва рус тиллари орасида нега бунчалик фарқ бор, ёхуд қорақалпоқ тили ва адабиёти учун нега бирорта асар тавсия этилмаган, ҳозирча менга маълум эмас.
3️⃣ АСОСИЙ САВОЛГА ЖАВОБ
Жавобни сўзма-сўз, аслича келтираман:
Қуйидаги турдаги дарсликлар мавжуд:
- Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун тавсия этилган дарсликлар;
- 10-синф ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими таълими муассасалари ўқувчилари учун тавсия этилган дарсликлар, 11-синф ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари учун тавсия этилган дарсликлар.
Бўлажак абитуриентлар ўзи ўқийдиган таълим муассасаси учун тавсия этилган дарсликларни ўқиш зарур, бошқа таълим тури ёки таълим муассасалари учун тавсия этилган дарсликларни ўқиш талаб этилмайди.
Тест топшириқлари тегишли таълим муассасалари учун тавсия этилган ўқув дастурлари асосида тузилади.
=•=•=•=•=•=•=•=
Мана шунақа гаплар.
Ҳурматли абитуриентлар,
ўйлайманки дарсликлар масаласида Сизни қийнаётган саволларга узил-кесил жавоб олдингиз ва бундан буёғига ортиқча бошингизни қотирмасдан, келгуси йилда бўладиган тест синовларига жиддий тайёргарлик кўришни давом эттираверасиз. Барчангизга омад тилайман!
Жавобларни юборган номаълум инсонга эса ўзимнинг миннатдорлигимни билдираман. Тезкорлигингизга гап йўқ!
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

