Дарсликлар ва тест саволлари масаласига аниқлик киритилди

Matn4-mart, 2019, 17:322 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​​Дарсликлар масаласига аниқлик киритилди

Юқоридаги постни 👆 10 январь куни ёзган эканман.

«Репетитор» газетаси ушбу масалага ойдинлик киритиш учун Давлат тест марказига мурожаат қилибди ва қайта-қайта берилган саволларга ДТМ директори Мажид Каримов қуйидагича жавоб берибди:

«Академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва 11-синф битирувчилари учун алоҳида-алоҳида вариантлар тузилмайди. Амалий жиҳатдан бунинг иложи йўқ. Вариантлар барча абитуриентлар учун мос келадиган маълумотлар асосида шакллантирилади. Тестлар шундай маълумотлар асосида тузиладики, натижада бирор абитуриентда дарсликлар масаласида эътироз туғилмайди. Саволлар “стаж”ли ва бу йил битираётган абитуриентларга таниш ўқув дастурлари ҳамда улар ўрганиши зарур бўлган маълумотлар бўйича шакллантирилиши кафолатланади».

Демак, ДТМ танлаган усул мен тахмин қилган 2-вариантга тўғри келар экан. Ҳа, ҳақиқатдан бу анча қулай ва даҳмазаси кам усул эди, буни тепада ҳам ёзгандим. Боз устига бу усул анчайин адолатли ҳам.

Хуллас, дарсликлар атрофидаги ваҳималар ва асосланмаган қўрқувларга барҳам берса ҳам бўлади. Хоҳ мактаб ўқувчиси бўладими, хоҳ академик лицей ўқувчисими, фарқи йўқ, тест саволлари ўзи ўқиган дарслигида ёзилган маълумотлар асосида тушади. Абитуриентлар бегона маълумотларга дуч келмайди (ҳар ҳолда шундай деб умид қиламиз).

Лекин бир савол барибир очиқ қолади:

Инсон хатодан ҳоли эмас, айтайлик, техник хатолик билан умумий бўлмаган маълумот асосида тест саволи тузилди дейлик. Яъни саволдаги факт фақат академик лицей дарслигида бор, лекин мактаб дарслигида йўқ. Агар ушбу савол мактабни тугатган абитуриентга тушса, у нотўғри жавоб берса ва кейинчалик апелляцияга кирса ҳамда ҳақиқатдан бу факт мактаб дарслигида йўқлигини исботлаб берса, унда апелляцияда бу масала қандай ҳал этилади? Унга тааллуқли бўлмаган дарсликдан савол тушгани учун абитуриентга балл қўшиб бериладими? Ёки шунчаки унинг бу мазмундаги апелляцияси инобатга олинмайдими?

Мана шуни ҳозирдан ҳуқуқий жиҳатдан аниқлаб кетиш керак.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek