Дарсликлар масаласидаги жавобсиз саволлар
Дарсликлар масаласидаги жавобсиз саволлар
Давлат тест маркази 8 ноябрь куни жорий йилги тест синовлари якуни бўйича матбуот анжумани ташкил қилибди. Унда мутасаддилар томонидан айрим қизиқарли маълумотлар баён қилинган.
Масалан, 2017 йилда жами 729 минг 947 абитуриент ҳужжат топширган бўлса, 2018 йили бу кўрсаткич аввалги йилгидан ошиб, 814 минг 952 нафар бўлган. Бунда фақат кундузги эмас, балки махсус сиртқи, кечки ҳамда сиртқи таълим шакллари ҳам қўшиб ҳисобланган.
Шунингдек, матбуот анжуманида Самарқанд давлат университетидаги тест синовлари ўтказилган жойга ўрнатилган назорат камераларининг ёзуви Бош прокуратура томонидан ўрганилаётганлиги маълум қилинган.
Иккала хабарни ҳам Турон24 сайтидан олдим. Нима учундир матбуот анжумани ҳақида ДТМ сайтида бирорта гап-сўз йўқ. На бўлиши, на бўлиб ўтган ҳақида.
Ёдингизда бўлса, каналим орқали ДТМдан тест саволлари тузиладиган дарсликлар рўйхатини тезроқ эълон қилишларини илтимос қилган эдим. Орадан 2 ҳафталар чамаси ўтиб, ДТМ сайтида "Тасдиқланган дарсликлар" саҳифаси янгиланди ва рўйхат пайдо бўлди. Лекин бу масала бўйича ҳалиям айрим саволлар жавобсиз бўлиб турибди.
Агар ДТМ келгуси йилги тест синовлари ҳақида матбуот анжумани қилса, қуйидаги 3 та саволга жавоб сўраган бўлар эдим:
1️⃣ ДТМ сайтида чиққан дарсликлар рўйхати бу тасдиқланган охирги вариантми? Шунчаки сайтда янги файл пайдо бўлди, лекин бирорта изоҳ берилмади. “Абитуриентлар диққатига!” деб сайтда янгилик сифатида берилмади ҳам. Одатда дарсликлар рўйхати Давлат қабул комиссияси томонидан тасдиқланар эди, бу ҳақида ҳам маълумот йўқ. Эртага яна бошқа дарсликлар рўйхати чиқиб қолмайдими мабодо?
2️⃣ Дарсликлар рўйхатида бадиий асарлар номлари ҳам келтирилган. Кўпчилик сўраяптики, ушбу асарларни тўлиқ ўқиб чиқиш керакми ёки фақат адабиёт китобларида берилга парчалар кифоями? Менга қолса, тўлиқ ўқиб чиқиш тарафдориман. Зора шу йўл билан минглаб абитуриентлар бадиий асар ўқишни бошлашса. Ҳар не бўлганда ҳам шу масалага аниқлик киритиш керак.
3️⃣ АСОСИЙ САВОЛ:
Жорий йилда узоқ йиллик танаффусдан кейин мактабларнинг 11-синф битирувчилари ҳам ОТМларга ҳужжат топширишади. Шунга кўра, барчани бир савол қийнамоқда:
Коллеж ва академик лицей битирувчилари ҳам 10-11-синф дарсликларини ўқишга мажбурми?
Ёхуд шунинг тескариси мактаб битирувчилари ҳам коллеж ва академик лицей дарсликларини ўқишга мажбурми?
Фикримча, агар улар ушбу дарсликларни ҳам ўқишга мажбур бўлса, бу – адолатсизлик! Қоида бўйича тест саволлари фақат ўқув муассасасида ўтилган ўқув режаси бўйича берилиши керак. Мактаб ўқувчиси қўшимчасига коллеж дарслигини ҳам ўқишга мажбур бўлса, бу шундоқ ҳам мактаб/коллеж/лицейлардаги ўқиш иштиёқини баттар тушириб юборади, ҳамма репетиторларга югуришни бошлайди.
Умид қиламанки, мутасаддилар ушбу мураккаб вазиятда оқилона ва адолатли ечим топа олади.
Нима бўлган тақдирда ҳам, мана шу 3 та саволга қисқа кунлар ичида жавоб берилиши, вазиятга аниқлик киритилиши керак. Минглаб ёшлар шу саволларнинг жавобини интиқ бўлиб кутишмоқда. ДТМ қанча тез жавоб берса, шунча савобга қолади. Ҳар ҳолда бу саволларнинг жавобини олиш 2-3 ойга чўзилмайди, деган умиддаман.
Тушунганингиз учун раҳмат.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

