Беш нарсани ғанимат билиш ҳақида ҳадис
Xushnudbek.uzMatn1 daqiqa0Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
«Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: қариб-қартайишингдан олдин ўспиринлигингни, касалингдан олдин соғлигингни, камбағаллигингдан олдин бойлигингни, машғуллигингдан олдин бўшлигингни, ҳамда ўлимингдан олдин ҳаётингни».
Ҳоким ривоят қилган.
Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан вақтнинг аҳамияти, уни ғанимат билиш ва зое қилмасликка тарғиб, ҳамда банда қиёмат куни у ҳақида масъул эканини баён қилишлик ҳақида кўплаб ҳужжатлар ворид бўлган.
Кеча ва кундузлар инсоннинг бу ҳаётдаги дастмояси. Унинг фойдаси жаннат, зиёни дўзах. Йил дарахт, ойлар новдалари, кунлар шохлари, соатлар барглари, нафаслар эса самараларидир. Кимнинг нафаслари Аллоҳнинг тоатида бўлса, унинг самараси яхши, муборак, тотлидир. Кимнинг нафаслари Аллоҳнинг маъсиятида бўлса, унинг меваси ёмон, бемаза, аччиқдир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида.
👉 @xushnudbek 👈

