Исломда ғазабни ютиш ва кечиримли бўлиш фазилати
Саҳл ибн Муъоз розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ғазабини унга амал қилишга қодир бўлиб туриб ичига ютса, Аллоҳ уни қиёмат куни халойиқнинг олдида чақириб, ҳури ийнлардан истаганини танлаш ихтиёрини беради», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони Карим оятларидан ташқари бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.
Аллоҳ таоло Шуро сурасида марҳамат қилади:
«Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир» (37-оят).
Яъни бирор киши ғазабини чиқарса, кечириб юбора оладиган ҳалим бўлиш, ғазаб чиққан вақтда уни ичига ютиб, ўша ғазаб чиқишига сабабчи одамни кечириб юбориш олий даражадаги ахлоқ доирасига киради.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Руҳий тарбия” китобидан.
👉 @xushnudbek 👈
- 😁 1
