Яхшилик ва ёмонлик учун бериладиган ажр ҳақида ҳадис
Xushnudbek.uzMatn1 daqiqa0tahrirlanganИбн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадиларки:
«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд этсаю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд этсаю унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Ушбу ҳадисда Ислом шариатининг гўзаллиги, қанчалик даражада яхшилик тарафдори эканию, ёмонликка қанчалик қарши экани баён қилинмоқда. Асосан эса, қилинган амалга бериладиган ажру савоб банданинг ихлосига қараб бўлиши айтилмоқда. Чунки, бир хил ният билан бир хил амални бажарган кишиларнинг бирига ўн ҳисса, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб берилиши аввало ихлосга қараб бўлади.
Ихлос билан қилинган ибодатнинг савоби ана шундоқ кўп бўлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 1

