Андижонда «маънавият ҳашари» ва ноқонуний пул йиғими

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0

Андижонда «маънавият ҳашари»

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов фармойиши билан вилоят ҳудудида шу йилнинг ноябрь-декабрь ойлари «Маънавият ойлиги» деб эълон қилинди. Бу ҳақида Kun.uz сайтида батафсил мақола эълон қилинибди.

Бунақа ойликлар кўпку, нима бўпти шунга, масалан, ёнғин хавфсизлиги ойлиги ва ҳ.к., дейишингиз мумкин, албатта. Лекин гап шундаки вилоят ҳокими «Маънавият ойлиги» баҳонасида вилоятда умумхалқ хайрия ҳашари эълон қилибди.

Яна ҳам қизиғи ҳашар учун вилоятдаги мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг (у хоҳ давлат ташкилоти бўлсин, хоҳ хусусий) ходимларидан 1 кунлик иш ҳақлари ихтиёрийлик асосида ушлаб қолиш назарда тутилган. Ва бу пуллар нимагадир айнан вилоят ҳокимлигининг ҳисоб-рақамига туширилиши керак экан. Пул топишнинг ажойиб йўли, инновацион тадбиркорликку бу! Бундай "ихтиёрийлик" ниқоби бизга жуда яхши таниш. Ҳеч кимдан сўраб ҳам ўтирилмайди, корхона бухгалтери ёппасига ҳамманинг ойлигидан ушлаб қолади, тамом-вассалом.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сонли қарорига кўра, умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда, фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади ва ўтказилади.

Кеча эълон қилинган мақолага бугун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий муносабат билдирибди. Вазирликнинг таъкидлашича, ҳақиқатдан Андижон вилояти ҳокимининг фармойиши қонунга зид бўлиб, вилоят ҳокимига Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг ушбу фармойишни қонунчиликка мувофиқлаштириш тўғрисидаги кўрсатмаси юборилган.

Энди вилоят ҳокимлиги ўн кун муддатда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши керак бўлади. Кутамиз, нима дейишаркин.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek