Андижон вилояти ҳокимлигининг ҳашар ҳақидаги важи асоссиз
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganАндижон вилояти ҳокимлиги Президент қарори кучини йўқотганини билмайдими?
Ёдингиздами, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов фармойиши билан «маънавият ҳашари» эълон қилинган ва вилоятдаги барча ташкилотлар ходимларининг 1 кунлик иш ҳақи ихтиёрий (лекин топшириқ хатида "шарт" дейилган) ушлаб қолиниб, вилоят ҳокимлигининг ҳисоб-рақамига ўтказиб бериш белгиланган эди.
Андижон вилояти ҳокимлиги вакили Кун.уз нашрига шу ҳашар бўйича изоҳ берибди. Ва бир дунё важлар билан ушбу ҳашар аслида қонуний ўтказилганини исботламоқчи бўлишибди. Бунинг учун вилоят ҳокимлиги 6 та ҳужжатни асос қилиб келтирган.
Шу ҳужжатлардан бири 1992 йил қабул қилинган Қизил ярим ой жамияти тўғрисида ўша пайтдаги Бош вазир Абдулҳошим Муталов имзолаган қарор ҳам бор. Ваҳоланки, бу қарорни (худди қолган 5 та ҳужжат каби) умумхалқ ҳашарига мутлақо алоқаси йўқ.
Энг қизиғи, вилоят ҳокимлиги айтган 6 та ҳужжатдан бири, аниқроғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги ПҚ-451-сон қарори аллақачон ўз кучини йўқотган. Ўтган йили 28 июлдаги ПҚ-3160-сонли Президент қарорининг 15-бандида бу ҳақида аниқ ва тиниқ қилиб ёзиб қўйилган.
Демак, вилоят ҳокимлиги ўз кучини йўқотган ҳужжатга асосланиб ҳашар эълон қилаётган эканда?! Эҳ, барака топгурлар, шу Сизларга керакмиди, а? Тинчгина айбингизни тан олиб, фармойишни бекор қилиб, ҳамма пулларни қайтарганингиз яхшимасмиди? Ўзингизни оқлайман деб, бадтар аҳволингизни ёмонлаштириб қўйяпсизку...
Лекин шу ўринда айтиладиган бошқа гап бор. Наҳотки бутун бошли вилоят ҳокимлиги Президент қарорининг ўз кучини йўқотганини шу чоққача билмаган? Ахир ҳокимликда юристлар ҳам бўлса керак? Кун.узга рўйхатни бераётган пайтда бир оғиз текшириб кўришса бўлмасмиди, деган саволлар Сизнинг ҳам хаёлингизга келган бўлса керак.
Гап шундаки, бу ерда барча айбни вилоят ҳокимлигига тўнкашдан йироқман. Сабаби 2006 йилдаги ПҚ-451-сонли Президент қарори Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (Lex.uz) ҳалиям қонуний кучга эга ҳужжат сифатида турибди. Текшириб кўришингиз мумкин.
Бунинг сабаби ҳам оддий. Чунки Lex.uz порталига Президентнинг 2017 йил 28 июлдаги ПҚ-3160-сонли қарори жойлаштирилмаган. Қарор матни "Халқ сўзи" газетаси ва ЎзАда чоп этилган, лекин нима учундир Lex.uz`нинг информацион-ахборот қисмида йўқ.
Хуллас, шунақа гаплар.
Лекин тан олиб айтиш керакки, бу ҳолат вазиятни умуман ўзгартирмайди, чунки кучини йўқотган ҳужжатни ҳашарга мутлақо алоқаси йўқ. Вилоят ҳокимининг фармойиши барибир ноқонуний бўлиб қолаверади.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ


