Мажбурий обуна балоси ва ихтиёрий мутолаа
Мажбурий обуна балоси
Мажбурий обуна ҳақида гап кетар экан, энг аввало бир нарса қайта ва қайта таъкидлашни истар эдим. Кўпроқ ўқиш керак. У хоҳ китоб бўлсин, хоҳ газетаю журнал, у хоҳ қоғозда чоп этилгани бўлсин, хоҳ электрон вариантда, фарқи йўқ, мутолаага ошно бўлиш керак. Мен доим кўпроқ ўқиш тарафдори бўлиб келганман ва бундан кейин ҳам шу принципимда қоламан.
Аммо мажбурий обуна – бу умуман бошқа мавзу. Эркин ва озод инсонни қонунда кўрсатилмган ҳеч нарсага мажбурлаш керак эмас. Мажбурий меҳнат, мажбурий обуна, мажбурий яна бир нарсалар ўз ортида қанчалик эзгу мақсадни кўзламасин, барибир ноқонуний иш!
Куз келди дегунча, 2 та савол жуда кўп такрорланади: пахта мажбурийми, обуна мажбурийми?
Пахтанику билдингиз, кўп ва хўб гапирилди. Хўш, обуначи?
ОБУНА МАЖБУРИЙ ЭМАС!
ҲЕЧ КИМ СИЗНИНГ РОЗИЛИНГИЗНИ ОЛМАСДАН ОЙЛИК ИШ ҲАҚИНГИЗДАН, СТИПЕНДИЯНГИЗДАН, ПЕНСИЯ ЁКИ НАФАҚА ПУЛИНГИЗДАН ОБУНА УЧУН УШЛАБ ҚОЛИШИГА ҲАҚҚИ ЙЎҚ!
Фақат ўзингиз хоҳласангизгина бирор нашрга обуна бўлишингиз мумкин. Агар обунага рози бўлмасангиз, бирор ҳужжатга имзо қўйманг (сабаби кўп жойларда алдаб, қўрқитиб, ялиниб имзо қўйдириб олишади).
Мажбурий обуна мавзуси ҳақида гап очилса, айрим газетчилар дарров "Матбуотга қаршимисан?" деб ҳужумга ўтишади. "Мажбурий обуна йўқолсин!" деган сўзларни "Газеталар ёпилсин!" деб ўқишади. Ваҳоланки, ундай эмас. Мен газеталарга қарши эмасман. Уларнинг умри боқий бўлсин, гуллаб яшнасин. Менга қолса кунига 2 маҳал чиқадиган газеталар пайдо бўлсин, марҳамат. Бундан фақат хурсанд бўламан. Лекин буларнинг барчаси ихтиёрийлик асосига қурилиши керак, мажбурлаб сотиш эвазига эмас.
Хуллас, қайсидир нашрга ўзгаларнинг розилигисиз ҳалол ишлаб топган пулидан МАЖБУРАН ушлаб қолиш – талончиликдан бошқа нарса эмас! Илтимос, талончилик қилманглар. Ходимларни тинч қўйинг, уларнинг иш ҳақига кўз олайтирманг. Сиз зўр газета чиқаришни бошланг, одамлар ўзи киоскаларни қидириб, тополмай қолсин, роса қўлма-қўл, талаш бўлиб кетсин. Мана бу ҳақиқий матбуот! Мана бу ҳақиқий адолат!
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

