Юнусободда номаълум шахслар тўрт туп қарағайни кесиб кетди
Manba:Muhrim / Муҳрим
Юнусободда, Шаҳристонда, шундоққина йўл бўйида ўсиб турган тўрт туп қарағайни “ниқобдаги номаълум шахслар” кесиб кетибди. Кесган дарахтини олиб ҳам кетмаган, шунчаки кесиб кетган. Худди “Чўқинтирган ота”да “сани бу боланг мани фильмларимда ўйнамайди” деган продюсернинг ётоғига унинг севимли, қимматбаҳо отининг бошини ташлаб кетишганидек. Шаҳристонликларга, эҳтимол, бу ерни аукционда сотиб олган бойларнинг қудратини кўрсатиб қўймоқчи бўлишгандир — “санлар блогерлар, сайтлар орқали шов-шув қилаверларинг, охири бу ерда ҳимоя қилгулик дарахт қолмайди, мен эса (парковкаси йўқ) савдо марказимни қур(иб, бу ерни баттар тирбанд қил)аман”, демоқчидир улар.
Биринчидан, хотирамиз қисқа — бир шов-шув кўтарилса-ю, шу шов-шувнинг иси энг юқоригача етиб борса (етказиш эса унчалик ҳам қийин эмас ҳозир), йўл бўйидаги шу бир ҳовучгина жойга кўз тиккан ўзича зўрлар учун сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетиши, улар энди, иложи бўлса, шу ердан қутулиш учун шу жойнинг ўзига бир кечада 10 мингта баобаб ва яна 20 мингта эвкалипт экишга ҳам рози бўлиб қолиши мумкин. Юнус Ражабий маҳалласидаги дарахтзор машмашасини эсланг.
Нафақат оддий одамларнинг, расмийларнинг ҳам хотираси қисқа — Юнус Ражабий маҳалласидаги ўша машмашадан кейин, масалан, бир дунё валломатларимиз дарахтлар энди энг муқаддас неъмат бўлиши, уларни энди кўз қорачиғимиздай асрашимиз, бир йилда бутун пойтахт бўйлаб 11 миллионта дарахт экилиши ҳақида гапирганди. Тўғри, бу гапларни гапирганларнинг деярли бари ҳозир умуман бошқа жойда, бошқа лавозимда, бошқа баландпарвоз гапларни айтиш билан банд. Лекин барибир қанақадир линия бўлиши керак-да.
Иккинчидан, “Тушда кечган умрлар”да эски чекист қийноқларнинг ҳар турли кўринишларини ҳикоя қилиб беради-ку, кимнидир худди шундай қийнаш керак, демоқчи эмасман, йўқ, асло, лекин ўша “ниқобдаги номаълум шахслар”ни топиш жуда осонлигини эслатмоқчиман, холос. Истак, хоҳиш (ёки қатъийроқ бир буйруқ, топшириқ) бўлса кифоя. Кўрганмиз-ку, булар айбдорларни барибир тополмайди, деган жойимизда атиги бир неча марта адашганимизни (муҳими — адашганмиз!). Хоҳлашса, топишади.
Нафақат “ниқобдаги номаълум шахслар”ни, балки уларга ким буюртма берганини, буюртма берганларга ким (ишқилиб, экополиция ё экоқўмита вакили бўлмасин-да) бундай ақл ўргатганини, ҳатто ўзи бу ер қандай қилиб аукционга чиқиб қолганигача топа олишади. Ишончим комил.
- 👍 1467

