Канадада Омикрон штамми шиддат билан тарқалмоқда
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlangan“Омикрон ҳаммаёқни остин-устун қиляпти”
Бу ҳақда ҳозир Канадада яшайдиган юртдошимиз Фарҳод Файзуллаев ўзининг “Замбаракнинг ўқи” каналида маълум қилган. Жумладан у шундай ёзмоқда:
“Альбертада 4,4 млн киши истиқомат қилади. Шулардан 550 минг нафари айни дамда ковид билан касалланган. Ярим миллиондан ортиғи.
Омикрон шунақа шиддат билан тарқаяптики, уни секинлаштиришга имкон ҳам бўлмаяпти. Касалланишлар, касаллар сони рекорд кетидан рекорд уриб ётибди. Ваҳоланки, маска режими, вакцина паспорти жорий қилинган, 75% аҳоли (ёш болаларни ҳам қўшганда) эмланган.
Ҳозирча касалхоналар тўлганича йўқ, аммо бор ўринларнинг 80 фоизи эгалланган. Яна бир ҳафтада касалхоналар лиқ тўлади. Ундан кейин хаос.
❗️Таскин берадигани, вакциналар оғир касалликдан асраяпти. Жуда кам эмланган одам реанимация тушяпти, саноқли.
550 минг киши айни пайтда касалланган дегани 550 минг ишчи ишга чиқмади деганидир. Ходимлар етишмаслиги туфайли касалхоналарда койкалар бўш, чунки докторлар касал. Яқин-яқингача маҳсулот лиқ тўла бўлган супермаркетлар анча бўшаб қоляпти, чунки юк машина ҳайдовчилари, дўкон ишчилари бетоб.
Бугун Исмоилнинг (изоҳ — Фарҳод аканинг ўғли) мактабидан хат келибди. Унга кўра, мактаб автобуси ҳайдовчилари орасида ҳам касалланганлар кўп, шунинг учун автобуслар рейсига чиқа олмаяпти. Баъзи автобуслар бир пайтнинг ўзида иккита йўналишга хизмат кўрсатяпти, шунинг учун улар кечикяпти.
Шу ҳафтадан мактаблар ҳам очилди, болалар дарсга қатнаяпти. Улар орасида ҳам ковид тарқалиши қарийб факт, фақат қачонлиги номаълум.
Бу ҳали бошланиши. Ҳали касалланишлар чўққисига чиқмади. Ковид графиклари осмонга қараб тик учяпти.
Икки йил ўзимизни эҳтиёт қилдик, маска тақдик, вакциналарни олдик, ковид бўлмадик. Бу тўлқиндан қочиб бўлмайди шекилли, кутяпмиз...
Ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг. Эмланинг, бустерни олинг. Ҳаммамизни Ўзи паноҳида асрасин”.
Пост тугади.
👉 @xushnudbek 👈
- 😱 1910
