Халқаро пластик карталар ва банк хизматларидаги ўзгаришлар

Matn1-noyabr, 2019, 22:383 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​​Халқаро пластик карталари ҳақида

Ёдимда, бундан 3 йил олдин бир дўстим хорижий сафарга чиқди. У пайтларда ҳали валюта конвертацияси ислоҳоти амалга оширилмаган, доллар отлиққа йўқ замонлар. Бир амаллаб 2 минг АҚШ долларини давлат курсида (яъни кўчадан 2 баробарга арзонроқ) халқаро пластик картасига тушириш мумкин эди. У ҳам фақат харидлар учун бўларди, нақд ечмоқчи бўлсангиз, кунига 100 долларлик лимит қўйилганди. Ўзбекистонда банкдан нақд доллар олишнингку, мутлақо иложи йўқ эди. Фақат қора бозордан олинарди.

Хуллас, расмий делегация бўлгани учун банкдаги таниш-билишларни ўртага тиқиб, амал-тақал қилиб, пластикка 2 минг АҚШ доллари туширдик. Шунда ҳам пул тезда тушмади. 2-3 кунда кўринади дейишди. Ҳа, унда бемалол улгурар эканман, деб хотиржам бўлди дўстим. Сафарга кетди. Борса пластикка ҳалиям пул тушмаган. Менга телефон қилди. Мен банкка телефон қилдим. Банк бир балолар деди, хуллас яна 2 кун ичида пул кўринмади. Кўрингандан кейин ҳам кўп жойларда ўша Visa карта ишламади. Хуллас, дўстим роса хуноби чиқиб қайтиб келганди сафардан.

Ҳозир кўз тегмасин, ҳолат яхши томонга кескин ўзгарган. 19-асрдан бирданига 21-асрга ўтиб қолганга ўхшаймиз гўё. Ҳалиям идеалмасу, лекин анчайин қулай. Шахсан ўзим «InfinBank»дан Visa ҳамда UnionPay халқаро пластик карталарини очганман (иккаласининг ҳисоби бир). Иккаласини очиш учун тахминан 50 минг сўмча пул тўлаганмидим, аниқ эсимда йўқ. Ушбу карталар билан нафақат хорижга чиққанда, балки ўзимизда ҳам интернет-дўкон ёки онлайн-сервисларда тўловларни амалга оширишингиз мумкин.

Картага пул тушириш ҳам осондан-осон. Истанг банк филиалларида пул туширасиз, истанг банкнинг мобил иловаси орқали сўмдаги пластигингизга онлайн конвертация қилиб, пул ташлашингиз мумкин. Ҳисобингизда ўша заҳоти кўринади.

Масалан, кеча бир харидни амалга ошириш чоғида кассада пул етмай қолди. Вазиятдан чиқиш учун тезда InfinBank мобил иловасига кириб, сўм пластигимдан Visa картага 9480 сўмдан онлайн конвертация қилиб, АҚШ доллари ташладим. Гарчи сўм пластигим бошқа банкда бўлса ҳам, хизмат учун қўшимча ҳақ олишмади. Тушган маблағ ўша заҳоти ҳисобимда кўринди ва тўловни амалга ошира олдим. Буларнинг барчаси кассирнинг олдида 1 дақиқа ичида бўлди ))

Бу фақат InfinBank хизматлари эмас албатта, валюта сиёсати эркинлигининг, умумий банк тизимининг эвазига шунақа бўляпти. Шунчаки ўзим фойдаланадиган банкни мисол қилиб келтирдим холос.

Лекин яна бир гап. Сафардаги шеригимизнинг бир давлат банкидан олинган Visa халқаро пластик картаси ишламай қолди. 2 кунча олдин дўкондан кўп нарсаларни танлаб, кассага борганда ишламай хижолат қилди. Яхшики гап дўкон ҳақида кетаётганди, агар ўта экстремал вазиятда ишламай қолса, мижоз жуда қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин. Банк номини айтсам, худди Нозим Сафарига ўхшаб мени ҳам «бу постни қора кучлар уюштирган» деб газетага расмим билан чиқариб юборишмасин )) Яхшиси ўша банк раҳбариятининг ўзига бу ҳақида албатта билдириб қўямиз.

Шунақа гаплар.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek