Тест синовларида минимум балл чегараси ҳақида маълумот

Matn17-avgust, 2019, 09:112 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​​Кўпчилик сўраётган саволга жавоб: минимум балл борми?

Ҳар йили тест синовларида минимум балл чегараси қўйилади. Яъни абитуриентлар билими орқали нафақат ўзгалар билан, энг аввало ўзи билан ҳам курашиши керак. Агар абитуриент минимум баллни тўплай олмаса, унда ҳаттоки квотада жой бўлса ҳам, у талабаликка қабул қилинмайди.

Эшитишимга қараганда, бу минимум балл тест синовлари жорий этилган дастлабки йилларда максимал баллнинг 50%и бўлган экан. Яъни максимал балл 226,8 бўлган бўлса, 113,4 баллдан кам тўплаганлар жой бўлса ҳам қабул қилинмаган. Аммо бу талаб туфайли жуда кўп квоталар тўлмасдан, бўш қолиб кетгани учун, ноилож минимум талабни 30% га туширишган экан.

Жорий йилда ҳам минимум талаб худди аввалги йиллардагидек.

Тўлов-контракт учун – 56,7 балл;
Давлат гранти учун – 68 балл.

Бу нима дегани?

Аниқ мисол билан тушунтираман.

Пастдаги 1-расмга қаранг. Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтининг «Электр техникаси, электр механикаси ва электр технологиялари (тармоқлар бўйича)» йўналишининг рус гуруҳига жами 24 та квота ажратилган. Шундан 4 та грант, 20 та контракт.

Лекин натижаларга қарасак, 22, 23 ва 24-ўриндаги абитуриентлар 56,7 баллдан кам тўплаганини кўриш мумкин. Демак, улар гарчи квота ичида турган бўлса ҳам талабаликка қабул қилинмайди.

2-расмга қаранг. Самарқанд ветеринария медицинаси институти «Биотeхнология» йўналишида Андижон вилояти учун давлат грантига 1 та мақсадли қабул квотаси ажратилган. Ўша 1 та ўрин учун 10 киши ҳужжат топширган. Лекин 10 нафар абитуриентнинг барчаси 68 баллдан кам тўплаган. Демак, ўша давлат гранти учун ажратилган 1 та ўринга ҳеч ким кира олмайди. Бўш қолади.

Ана шунақа гаплар. Тўғрисини айтсам, ҳамма саволга таваккал фақат 1 та вариантни белгилаб чиққанлар 40-45 балл оладиган бир замонда ёшларимизнинг атиги 56,7 балл тўплай олмаслиги бизни хавотирга солиши керак, албатта. Аммо наилож, қозонда бори чўмичга чиқади.

Савол туғилиши мумкин, 56,7 баллдан кам тўплаганлар энди ўқишга кира олмайдими?

Кириши мумкин. Молиявий имконияти борлар супер-мупер контракт орқали камида 20 баравардан 50 бараваргача бўлган контрактни тўлаб (йўналишига қараб), талаба бўлишлари мумкин (ҳали нархи номаълум).

Шу ўринда яна бир гап: ҳатто 56,7 балл ҳам тўплай олмаганлар кўпинча «Молиявий имкони йўқлар нима қилсин, ҳамма нарса бойлар учун эканда, улар ўқийдию, биз ўқий олмаймизми, айбимиз камбағаллигимизми?» деб ёзишади.

Уларга жавобим: айбингиз камбағалликда эмас, билимсизлигингизда. Озгина ихлос ва хоҳиш билан қўлингизга китоб олганингизда эди, бемалол бюджетларга ҳам кирардингиз, нолиб, дийдиё ҳам қилиб юрмасдингиз.

Ҳаммаси ўз қўлингизда, ишонинг. Айбни ўзгалардан эмас, энг аввало ўзингиздан изланг.

Саломат бўлинг. Барча билимлиларга, билим олишга иштиёқи борларга омад тилайман!

👉 @xushnudbek 👈

  • 👍 1
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek