Kun.uz Olmazor tumani hokimi o‘rinbosari bo‘yicha bayonot berdi
KUN.UZ таҳририятининг Олмазор тумани ҳокими ўринбосари А.Ваҳобов билан боғлиқ воқеа юзасидан баёноти
Куни кеча Олмазор тумани ҳокими ўринбосари А.Ваҳобов KunUz таҳририяти ходимларига таҳдид қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан А.Ваҳобовнинг видеоинтервьюси эълон қилинди. Ушбу интервьюда А.Ваҳобов KunUz мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф қилгани ҳақидаги даъвони илгари сурди.
Мазкур даъво юзасидан KunUz зудлик билан ўз ички суриштирувини ўтказиб, таҳририят мухбири Р.Исроилов ва бошқа ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинлади.
Хизмат текширувида мухбир Р.Исроилов унга нисбатан А.Ваҳобов илгари сураётган айбловлар бирор асосга эга эмаслигини, А.Ваҳобов билан муқаддам ҲЕЧ ҚАЧОН кўришмаганини, ҳаётда илк марта 14 август куни учрашганини ва ўз-ўзидан А.Ваҳобовнинг гаплари туҳматдан иборатлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, 15 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходимлари томонидан айнан мазкур масала юзасидан ташкил қилинган юзма-юз учрашувда А.Ваҳобов KunUz мухбири Раҳматилла Исроиловни танимаслигини ва ҳодиса юз берган куни (14 август) биринчи марта кўрганини баён қилган (буни тасдиқловчи аудиоёзувлар мавжуд).
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётгани сабабли хизмат текшируви давомида тўпланган ҳужжатлар (тегишли аудио ва видеоматериаллар билан бирга) қўшиб ўрганиш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилди.
Бундан ташқари, мухбир Р.Исроилов ўзига нисбатан оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилгани учун Олмазор туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали Бош прокуратурага шикоят йўллаганини маълум қилди.
Тошкент шаҳар прокуратурасида олиб борилаётган терговга қадар суриштирув жараёнларига халақит бермаслик, суриштирув жараёнлари холислигига таъсир ва босим ўтказмаслик мақсадида KunUz таҳририяти ушбу мавзуда бошқа маълумотларни ошкор қилмасликка қарор қилди.
👉 @xushnudbek 👈

