Сиртқи ва кечки таълим контрактлари нархидаги номутаносиблик
#Архивдан
2018 йил 3 октябрдаги пост:
Нега сиртқи ва кечки таълим контрактлари бунча қиммат?
Кўпчилик талабалардан келган бир савол мени ҳам доим ўйлантириб келади.
Контрактлар нархининг баландлиги ҳақида гап кетганда, вазирликнинг берган расмий тушунтириши ёдимизга тушади. Унда айтилганидек, талабалар тўлайдиган контрактларнинг катта қисми, яъни 45-80 фоизи талабанинг ўзига стипендия тариқасида қайтарилади. Масалан, - дейди вазирлик, - талаба “аъло” баҳога ўзлаштирса жами 7,5 млн.сўм стипендия олади.
Яхши, тушундик.
Лекин бошқа савол: унда нима учун сиртқи ва кечки таълимда ўқийдиган талабаларга стипендия тўланмайдию, лекин барибир контракт нархи кундузгиники билан бир хил?
2004 йил 10 март куни тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномада стипендиялар фақат кундузги шаклда таҳсил олаётган талабаларга тўланиши белгиланган.
Демак, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган талабаларга қоида бўйича стипедия тўланмаслиги ойдинлашди. Лекин контракт нархлари улар учун ҳам энг арзони 8 млн 293 минг сўм, энг қиммати 11 млн 58 минг сўм этиб белгиланган (изоҳ: пост эълон қилингандан кейин 2-семестрдан контракт нархлари янада ошган, сентябрдан эса яна ошиши кутилмоқда).
Нима учун кундузги шаклда таҳсил олаётганлар худди шунча тўлаб стипендия оладию, сиртқи ва кечки таълимдагилар олмайди? Қани мантиқ? Қани ижтимоий адолат?
Боз устига сиртқи таълимдагилар доим ҳам ўқишга келишмайди, яъни уларга камроқ харажат ҳам кетади. Аммо контракти отни калласидай.
Биз ушбу жумбоқли масалага Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан яна бир марта асослантирилган изоҳ кутиб қоламиз.
Ҳозирча бор гап шу. Бизнинг вазифамиз ҳолатни халққа етказиш холос. Қолгани расмийларнинг иши. Кунингиз хайрли ўтсин».
Пост тугади.
Гарчи орадан салкам 1 йил вақт ўтган бўлса ҳам, лекин расмийлар ушбу масалага бирор марта изоҳ беришмади (ёки беришдию, биз кўрмай қолдикми?).
👉 @xushnudbek 👈


