Суд қарорлари устидан шикоят қилиш тартибидаги ўзгаришлар

Matn21-dekabr, 2020, 13:192 daqiqa0 koʻrish
Javob berilgan xabar: Xushnudbek.uzСенатор савол бермоқда: янги тартибга кўра, фуқаро суднинг ҳал қилувчи қарори устидан 30 кун ичида апелляция тартибида шикоят қилиш мумкин, лекин ушбу муддатда…

Фуқаролар суд қарорлари устидан апелляция бермаса кассация бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолиши ҳақидаги қонун бўйича яна баъзи қўшимчалар бор эди.

1️⃣ Ҳуқуқ тизими бошқа

Энг аввало сенаторларнинг саволига АҚШ ва Англиядан мисол келтирилганини ҳазм қилиб бўлмайди. Сабаби бу давлатларнинг ҳуқуқ оиласи мутлақо бошқа, яъни англо-саксон ҳуқуқ тизими. Бизнинг ҳуқуқ тизими эса роман-герман ҳуқуқ оиласига киради. Бу иккиси мазмунан ва шаклан бир-биридан кескин фарқ қилади. Роман-герман ҳуқуқ тизимидаги давлатда англо-саксондаги қоидаларни киритиш, бу худди вертолётга самолётнинг қанотини қўйиб учишга уринишга ўхшайди.

2️⃣ Апелляция шикоятлари сунъий кўпайиши мумкин

Ушбу қонун кучга киргандан сўнг иш ҳажми аксинча сунъий ошиш эҳтимоли юқори. Нега? Чунки 1 ой ичида апелляция шикояти берилмаса, кейинчалик кассация шикояти бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлишини билгач, фуқаролар ёки уларнинг адвокатлари ҳар қандай ҳолатда ҳам номига бўлса-да апелляция шикояти бериб қўйишга ҳаракат қилади. Яъни ўша суд қароридан розими, норозими, фарқи йўқ, энг асосийси шикоят қилиш ҳуқуқини йўқотиб қўймаслик учун, номига, шунчаки расмиятчилик учун апелляция шикояти бериб қўяди. Ана шунда апелляция инстанцияси қандай қарор чиқаришидан қатъи назар, ўша фуқаро маълум вақт ўтгандан кейин келгуси инстанцияларга шикоят қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Бу худди бирор кун керак бўлиб қолар деб, уйимизда эски-туски буюмлару, бўш қутиларни сақлаб юришимизга ўхшайди. Кўриб турганингиздек, бу қонун сунъий, хўжакўрсинга ишлар сонининг кўпайишига сабабчи бўлиши мукин.

3️⃣ Барча йўллар Олий судга олиб боради

Қонун қабул қилингач, Олий судда кўриладиган ишлар ҳажми кескин ошиши кутилмоқда. Чунки кассация ва назорат инстанцияларининг жуда катта қисми Олий суд томонидан кўриладиган бўляпти. Бунга ҳозирги Олий суднинг жисмоний имкониятлари ҳам, ташкилий қуввати ҳам етмайди. Фуқаролар эса Тошкентга келиб кетишга, пойтахтга серқатнов бўлишга мажбур бўлишади.

4️⃣ Фуқароларнинг эътирозлари кўпаяди

Жуда кўпчилик фуқаролар қонунни теран тушуниб етмаганлиги ёки бошқа ҳали биз билмаган сабаблар туфайли 1 ой ичида шикоят қила олмаса, кейин унга шикоят қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганини айтишса, табиийки эътирозлар кўпаяди. Ҳа, тўғри, қонунни ёзаётганларнинг бунга жавобини тахмин қилиш мумкин: "ўзинг қонунни билмагансан, айб ўзингда" дейишса керак. Аммо мақсад халқнинг қонунни яхши билмаслигидан фойдаланиб қолишми ёки уларга ноҳақ, адолатсиз қарорлар устидан шикоят қилиш учун имкон беришми, буниси ҳам савол остида. Кошки барча судлардаги қарорлар адолатли чиқаётган бўлса...

5️⃣ Аввал қонун, кейин муаммо

Юқорида айтилганидек, янги қонун қанақа муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини ҳали ўзлари ҳам яхши билишмайди. Лекин аввал қонунни қабул қилиб олайлик, уёғи бир гап бўлар, деган принципда иш кетяпти. Бу худди раҳматли Ҳожибой Тожибоевнинг қоп-қоронғу пайти, бирорта чироғи йўқ тракторда тахминан ҳайдаб кетаётган тракторчилар ҳақидаги латифасига ўхшайди. Бир нечта симёғочга урилиб, чуқурларга тушиб, дарахтларни синдириб кетилаверади.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek