Суд қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби муҳокама қилинди
Manba:davletovuz
Сенатор савол бермоқда: янги тартибга кўра, фуқаро суднинг ҳал қилувчи қарори устидан 30 кун ичида апелляция тартибида шикоят қилиш мумкин, лекин ушбу муддатда улгурмаса, кассация тартибида шикоят қила олмайди. Бу нега қилинаяпти, фуқароларнинг ҳуқуқларини чекламайдими?
Олий суд судьяси Абдил Тўхташев ушбу саволга жавоб берди. Унинг жавобидан иккита жиҳатни алоҳида кўрсатиб ўтишни истардик. У “кўпчилик доимо мақтайдиган” Буюк Британия ва АҚШдан мисол келтирган. Масалан, апелляция тартибида шикоят бериш учун ишни кўрган судьянинг розилиги керак эмиш. АҚШда эса суднинг қарори устидан шикоят қилиш жуда қиммат туради. Катта пул тўлаш керак. Бизда у нарсалар назарда тутилаётгани йўқ, дейди жаноб судья.
Ҳурматли судьямиз мазкур давлатлар судьялари, айниқса, биринчи инстанция судлари ҳатто Трамп, Жонсонларга ҳам “йўқ” дея олишини билармикин? Ёки ушбу давлатларда адвокатлар хизматидан бепул ва кафолатланган ҳолда ҳам фойдаланиш даражасини-чи? Йўқса, бу ўзига керакли пайтда энг зўр амалиётдан мисол келтириш орқали оқлашга ўхшайди.
Тўхташевнинг яна айтишича, ҳозирда ушбу нормалар ҳаётга татбиқ этилса, пайдо бўлиши мумкин муаммолар йиғилаяпти экан. Қонун қабул қилингач, ҳафта-ўн кун ичида махсус пленум қарори қабул қилиб, барча муаммоларга жавоб берамиз, дейди у. Қандай муаммо пайдо бўлишини билмасдан, қонунни сенатгача олиб бориш мумкин эдими? Қани анализ? Нега муаммони қонун эмас, пленум қарор билан тўғирлашга, тушунтиришга ҳаракат қилиш керак? Тўғридан-тўғри ишлайдиган қонун чиқариш қийинмиди? https://www.youtube.com/watch?v=lGKjsTOJrLs
