Шавкат Мирзиёев профессионал таълим тизими бўйича йиғилиш ўтказди
Шавкат Мирзиёев профессионал таълим тизими бўйича йиғилиш ўтказди
Бугун, 15 июль куни, Президент ҳузурида узлуксиз профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтган. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда ўрта бўғин мутахассислари ва ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.
Ҳозирда меҳнат бозорида 9 минг 145 та касб ва лавозимлар мавжуд бўлиб, улардан 6 минг 282 таси (69%) бўйича ўрта махсус малака даражаси талаб этилади.
Коллежлар негизида профессионал таълим муассасаларининг янги тармоғини шакллантириш вазифаси қўйилган. Ушбу муассасаларда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланади. Ўқитиш муддатлари зарур билим, малака ва кўникмаларнинг мураккаблигига қараб турлича бўлади.
Йиғилишда ушбу тизимни жорий қилишдан олдин унинг методологиясини яратиш, таълим дастурларини халқаро талаблар асосида янгидан ишлаб чиқиб, ўқитувчи ва ишлаб чиқариш усталарини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш зарурлиги таъкидланган. Ёшларни касб-ҳунарга қизиқтириш ва рағбатлантириш бўйича таклиф киритиш топширилган.
«Жойларда ишсизлик кузатилаётган бир пайтда ишчи касблар бўйича мутахассисларга катта эҳтиёж борлиги қайд этилди. Масалан, енгил саноатда 46 минг, қурилишда 104 минг, металлга ишлов бериш бўйича 71 минг, хизмат кўрсатиш соҳасида 67 минг нафар мутахассис етишмаяпти. Бу таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида уйғунлик йўқлиги оқибатидир.
Шу боис битирувчининг ишга жойлашиши ёки ўз бизнесини йўлга қўйиши таълим муассасалари фаолиятининг асосий мезони бўлиши кераклиги қайд этилди», - дейилади хабарда.
👉 @xushnudbek 👈
