Савдо-саноат палатасига мажбурий аъзолик муҳокамаси
Manba:davletovuz
Яқинда барча тадбиркорлар учун Савдо-саноат палатасига аъзо бўлиш мажбурий бўлар экан, деган хабар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди. Чунки парламент қуйи палатаси депутатлари “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Муҳокамаларда айбсиз айбдор, табиийки, депутатлар бўлди.
Президентнинг бир йил муқаддам, яъни 2017 йил 19 июндаги фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси мақоми, фаолият йўналиши ва кўлами, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча тадбиркорлик субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади. Илгари эса (амалдаги) қонунчиликда “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик фаолияти субъектларини ихтиёрийлик асосида бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотидир”, деб белгилаб қўйилган.
Ўша фармонда давлат раҳбари ҳукуматга икки ой ичида янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш талабини қўяди. Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади ва БИР ЙИЛ аввал Савдо-саноат палатасининг форумида эълон қилинади. Аниғи шуки, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан ишлаб чиқилмаган.
Қонун ижодкорлари Палатага аъзоликни қуйидаги омиллар билан асослашга уриниб кўрган. Масалан, палата асосан аъзолик бадаллари ҳисобига кун кўради. Табиийки, аъзо бўлмаганларнинг ҳуқуқларини судларда ҳимоя қилиш палата аъзоларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлади.
Мажбурий аъзолик эса, авваламбор, олис қишлоқларгача бўлган тадбиркорларни қамраб олишга, ўз навбатида, “аҳолининг фаол қатлами бўлмиш тадбиркорлар ва мамлакат раҳбарияти ўртасида вертикал қайта алоқа ўрнатишга” имкон беради.
Бугун, айниқса, олис қишлоқларда, кичик шаҳарларда иш бошлаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, кичик бизнес корхоналари ҳуқуқий, бухгалтерия, ахборот ва маркетинг серивисга эҳтиёж сезаяпти. Мажбурий аъзолик эса барча туманлар ва вилоятлар марказларида ана шундай марказлар очиш имконини беради.
Мажбурий аъзолик тағин палатага давлат ваколат ва функцияларини бажаришда қўл келади. Дейлик, профессионал-техник таълим, қонун ҳужжатларини экспертиза қилиш ва бошқалар шулар сирасига киради. Олмония ва Австрияда шунақа тажриба бор экан. (Бу гаплар қонун лойиҳасига изоҳда келтириб ўтилган — Davletovuz)
Хуллас, барча саволлар депутатларга эмас, балки кўпроқ ҳукумат ва Савдо-саноат палатасига берилиши керак. Чунки қонунчилик ташаббускорлари депутатларнинг олдига келади-да уларга шивирлаб, тахминан шундай дейди: “кароче, қонун лойиҳаси КАТТА билан келишилган, ўша фармон асосида ишлаб чиқилган, сентябрдан кучга кириши керак”. (Улар учун муҳими қонуннинг қабул қилиниши — барча воситалар ўзини оқлайди) Бу эски қарашдаги депутатларнинг назарида “сиёсатга қарши чиқманглар” дегандек янграйди. Депутатлар (уларнинг айримлари собиқ ёки де-факто тадбиркор) ҳам сўрайди, албатта: тадбиркорлар норози бўлмайдими? “Бир йилдан бери форумда муҳокама қилдик, уларга маъқул”, деган жавобни олишади.
Биздаги маълумотларга кўра, қонун лойиҳаси кескин тортишувларга, оғиздан кўпиклар сачраш даражасидаги мубоҳасаларга бой бўлган. Қонун лойиҳасига қарши бўлган депутатлар анчагина бўлган, лекин овоз беришда қонунни қайтаришга етарли бўлмаган. “Ўлиб кетишсин, қарши овоз бериб, сиёсатга қарши бўлиб қолмай” деганлари кўпчиликни ташкил қилган бўлса, ажаб эмас. Кейин юқоридаги асосларга ишонганлар ҳам озми-кўпми бўлиши аниқ.
Нафсиламрини айтганда, мазкур қонун кучга кириши учун ҳали Сенат маъқуллаши, Президент имзолаши керак. Тадбиркорлар ҳақиқатан ҳам шу қонунни маъқул деб билишмаса, айюҳаннос солишда давом этишлари ва тизимли айюҳаннос солишлари керак. Чунки ғалабанинг катта-кичиги бўлмайди.
