Монополияга қарши эътироз ва янги автомобиллар тақдимоти
Manba:Muhrim / Муҳрим
Мен Chevrolet Onix’нинг тақдимоти ҳам бўлади, деб кутгандим. Йўқ, бу алдоқчи монополистлар уялмай «не для всех» («ҳамма учун эмас») деган шиор билан бири биридан қиммат тўртта йўлтанламас тақдимотини ўтказди.
Тўғри, Onix мабодо автосаноатимиз раҳбарлари бир замонлар ваъда қилганидек «60 фоизлик локализация» билан «ишлаб чиқариладиган» бўлса ҳам, арзон бўлмайди. Лекин бугунги тўртта «маҳлуқ»дан сезиларли арзон бўлади ҳам-да. Боз устига, маънан эскирган Lacetti ўрнига бирор мос янги нарса таклиф қилиш керак-ку.
Керакликка керагу, лекин монополистларга керак ҳам эмас. Монополистлар Таиландда йиғилган машиналарни «имтиёзли шартлар»да олиб, 40—70 минг доллардан сотаверса ҳам бўлади, уларга ярашаверади, қолганларга шолпиллаб қолади... Бунақа майнабозчиликни йиғиштириб, бозорни очиб юборишса ҳам бўларди.
Яна буларнинг: «Автозаводларимиз тўлиқдан ҳам тўлиқроқ қувватда ишлаяпти », деб миннат қилиб қўйишига ўласанми! Яхшиси шу заводларинг ишламасину, лекин бозоримиз янги, сифатли, арзон машиналарга тўла бўлсин. Йўқолсин монополия!
