Сайлов натижасидан норозилар нима қилиши керак
Сайлов натижасидан норозилар нима қилиши керак?
Шу кунлардаги энг актуал мавзу, шубҳасиз сайлов бўлиб турибди. Натижалар эълон қилинганидан кейин муҳокамалар янада кучайди. Бу табиий ҳол, албатта.
Аввалги постларимда ҳам айтган эдим, овоз беришгача бўлган жараён ишнинг ярми бўлса, овозларни санаш ва ҳисоблаш қолган ярмидир. Ва Ўзбекистон шароитида иккинчи ярми ўта муҳим, десак ҳам бўлади.
«Халққа балиқ берма, балиқ тутишни ўргат» дейишади. Сайлов арафасида номзодлар нималарга эътибор қилиш кераклиги, ўз ҳақлигини исботлаш учун қайси ҳаракатларни амалга ошириши лозимлиги ҳақида кўп ёздим. Кимнингдир битта муаммосини кўтариб чиқиб, фақат шуни ҳал қилгандан кўра, барчага ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашиш йўлларини ўргатган яхшироқ, деб ҳисоблайман.
Келиб тушаётган шикоятларни кўриб, кўпчилик шу маслаҳатларга амал қилганидан хурсандман. Видеолар, расмлар, баённома нусхалари... Буларнинг барчаси ҳақиқий демократик сайловларнинг илк милтиллаган учқунларидир.
Хўш, энди муддаога ўтсам. Қўлида далил ва исботи бор, сайлов натижасидан норози бўлган номзодлар энди нима қилиши керак?
Сайлов қонунчилиги бўйича бундай вазиятда ваколатли ташкилотларга шикоят билан мурожаат қилиш керак. Булар қуйидагилар:
1) Марказий сайлов комиссияси;
2) суд;
3) прокуратура.
Шикоят аризангизга далилларни (баённома нусхалари, видео ёки фотоматериаллар) илова қилган ҳолда барча учала ташкилотга ҳам юборинг. Аризангизнинг бир нусхасига “олдим” деб имзо қўйишсин.
Қуйидагилар муҳим!
👉 Марказий сайлов комиссиясига почта орқали (100078, Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 43-уй) ёки 1197 ишонч телефони орқали шикоят йўллашингиз мумкин. Унутманг, ҳудудий сайлов округлари ҳеч нарсани ҳал қила олмайди, уларга шикоят йўллаш бефойда;
👉 Сайлов натижаларидан норози бўлиб тегишли сайлов комиссиясининг қарори устидан маъмурий судга шикоят қилиш мумкин. Қоида тариқасида судга шикоят қилиш муддати 3 ой этиб белгиланган. Сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қабул қилинган қарор устидан судга шикоят қилиш муддати эса – 10 кун;
👉 Ҳудудий сайлов комиссиясиларининг қарори устидан тегишли ҳудуддаги судларга, Марказий сайлов комиссиясининг қарори устидан Олий судга шикоят қилинади;
👉 Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган. Бундай шахсларни жавобгарликка тортиш учун эса прокуратура органларига шикоят бериш керак. Бугунги кунда барча бўғин (республика, вилоят, туман) прокуратураларида сайлов бўйича шикоятлар қабул қилинмоқда. Агар истасангиз, тўғридан-тўғри Бош прокуратурага ёзма (100047, Тошкент ш, Яҳё Ғуломов кўчаси, 66) ёки 1007 ишонч телефони орқали мурожаат қилишингиз мумкин;
👉 лекин унутманг, прокуратура органлари сайловларни ҳақиқий эмас деб топиш ёки сайлов комиссияларининг қарорини бекор қилиш ваколатига эга эмас. Шу сабабли асл мақсадга эришиш учун ёки судга, ёки МСКга мурожаат қилиш ҳам ёддан чиқмасин;
❗️асосий маслаҳатим, юқоридаги учта йўлдан энг муҳими, бу – суд! Норози томонлар судга бориши энг тўғри йўл бўлар эди. Асосийси қўлингизда аниқ далиллар бўлиши керак. Ҳеч ким инкор эта олмайдиган далиллар борми, унда сира хавотирланмай, судга беринг.
👉 Ижтимоий тармоқлар масаласига келсак, бу муаммони ҳал қилиш кафолатини бермайди. Яъни фақат интернетда шикоят ёзиб, лекин қолган ташкилотларга расман ариза бермаслик масалани ҳал қила олмаслиги мумкин. Шунинг учун энг аввало расмий йўллардан фойдаланишни унутманг.
Масалан, прописка ҳақида интернетда минг марта ёзилади, аммо ўзгариш йўқ. Бироқ суд орқали юзлаб фуқаролар ими-жимида аллақачон пропискага кириб бўлди. Кўряпсизми, судга бериш амалда кўпроқ фойда беради.
👉 Ботга келаётган мурожаатлар сони 2600 дан ортиқ яқинлашди. Уларнинг ҳар бирини ўқиб чиқишга ҳаракат қиляпман ва қуруқ гаплар эмас, конкрет фактлар келтирилган мурожаатлар тегишли идораларга ўша заҳоти етказилмоқда. Тўғри тушунинг, бот орқали ҳаммага жавоб ёзиш мажбуриятини олмаганман, мақсадим чатлашиб ўтириш эмас, муаммони зудликда тегишли идораларга етказиш эди.
