Жамшид Қўчқоров давлат ташкилотлари жамғармалари ҳақида

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0tahrirlangan

Жамшид Қўчқоров: давлат ташкилотлари даромадни далада кетмон чопиб топаётгани йўқ

Сенат ялпи мажлисида бюджет масаласи бўйича муҳокамада сенатор Баҳодир Саъдуллаев айрим давлат ташкилотларининг ҳузурида очилган жамғармалар, уларнинг назорати қай даражада эканлиги ҳақида савол берди.

Бунга жавобан Молия вазири Жамшид Қўчқоров қуйидаги фикрларни билдирди:

«Аввало бизнинг дардимизни кўтариб, бизга ёрдамчи бўлган савол берганингиз учун катта раҳмат. Ҳақиқатдан бугунги кунда кўплаб давлат ташкилотларининг жамғармалари ташкил қилинган. Аслида бутун дунёда амалиёт шунақа – бунақа жамғармаларга тушадиган маблағлар бюджетга консолидация қилиниши керак.

Лекин бизда бироз бошқача. Айрим ташкилот раҳбарлари “бу пул меники, уни истаганимча ишлатаман” деб нотўғри ўйлашади. Ҳозир шу ерда ўтирган айрим ҳурматли вазирларимиз хафа бўлса ҳам айтаман, бундай жамғармаларга тушадиган пулларни улар далага чиқиб, кетмон чопиб топаётгани йўқ. Улар давлат биносида ўтирибди, давлат хизматини кўрсатаяпти. Тўғри, бу маблағларни тушуриш учун меҳнат ҳам сарфланади, масалан, жарима ундириш учун жаримани аниқлаш ва расмийлаштириш керак. Лекин барибир бу тушумлар давлатники.

Биз жорий йилда жисмонан улгурмадик, аммо келаси йил давомида бундай хос жамғармалар тўлиқ назоратга олинади. Шунда адолатдан бўлади.

Масалан, бир ташкилотнинг жамғармаси бор ва ўша ташкилот ходимларига жамғарма пулидан уй олиб беряпти. Лекин айтайлик, бундай жамғарма Молия вазирлигида йўқ бўлса, у нима учун ўз ходимларига уй олиб бера олмаслиги керак? Ёки жамғармаси йўқ вазирлик ходимлари ёмон ишлаяптими? Ёмон ишлаётган бўлса, келиб исботлаб беришсин.

Айтмоқчиманки, бюджет тушумлари барча давлат хизматчилари учун тенг имкониятлар яратиши керак. Биттасида имтиёз бор, иккинчисида йўқ, бўлмасин. Келгуси йилда имтиёзли ипотека кредитлари ҳам унификация қилинади, бу бўйича Президентимизнинг топшириғи ҳам бор», - деди Молия вазири Жамшид Қўчқоров.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek