Давлат ташкилотларини қайта ташкил этишдаги муаммолар

Matn27-iyul, 2020, 20:052 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Айрим ислоҳотлар ҳақида

👉 2019 йил 9 сентябрь

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати хизмати тугатилди ва унинг негизида 2 та ташкилот, яъни:

1) Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси

ҳамда

2) Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилди.

Орадан 10 ой ўтди

👉 2020 йил 25 июль

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси (1) ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги (2) тугатилди.

Ушбу иккита ташкилот ўрнига Санитария-эпидемиология хизмати ташкил этилди.

***

Биз жуда бой мамлакат эмасмиз. Иқтисодиётимиз ҳаминқадар. Хўп, унда нима учун жуда кўп беҳуда ислоҳотларга пул сарфланяпти? Масалан, 1 та ташкилотни тугатиб, унинг ўрнига 2 та ташкилотни тузиш ва яна 10 ой ўтгач янги тузилган 2та ташкилотни тугатиб, ўрнига яна ўша эски битта ташкилотни тузишдаги ташкилий жараёнларнинг ўзига давлат бюджетидан анча-мунча маблағ кетгандир?

Тўғри, битта соҳага масъул давлат идораси аслида битта бўлиши керак, йўқса худди чўпон кўп бўлса, қўйлар ҳаром ўлгандек, бир-бирини такрорловчи давлат идоралари ҳам кўп бўлса, самара бўлмайди, дейишимиз мумкин. Майли, бунисига розиман. Лекин унақада 10 ой олдин нима учун бу ислоҳот қилинганди? Ўша пайти нима ўйланганди? Кимлар бу номақбул таклифни илгари сурганди? Ўзини оқламаган тизимни таклиф қилганлар, шуни ишлаб чиққанлар ҳисоб бермайдими?

Ўхшаса ўхшади, ўхшамаса яна ортга қайтараверамиз, деган кайфият ортидан қилинган бюджет харажатлари яна солиқ тўловчилар чўнтагига зарар бўлади.

Олдин ҳам бу ҳақда каналимда бир ёзгандим, давлат ташкилотлари портфели шишиб бормоқда, бу эса ҳозирги молиявий инқироз пайтларида жуда билинади. Кераксиз очиб ташланган ташкилотлар бюджетга юк бўлиши мумкин.

***

Ҳа, айтганча, мабодо қачондир молия сектори раҳбарлари иштирокидаги брифингда қатнашиб қолсам, сўрайман деб ният қилиб қўйган бир саволим бор: давлат ташкилотларининг номини ўзгартириш учун бюджетдан тахминан қанча харажат қилинади?

Шундоқ ҳам ечилиши катта маблағ талаб этадиган ижтимоий муаммоларимиз тиқилиб ётган бир пайтда ташкилотлар номини ўзгартириш шартми, ундан кўра ўша идоранинг иш услубини ўзгартирсак бўлмайдими?

Насиб қилса шу саволларни берарман, қанақа жавоб олишим ҳозирча қоронғу.

Шунчаки мисол учун:

👉 2016 йил 22 февраль

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги => Меҳнат вазирлиги этиб қайта ташкил этилди.

Орадан 1 йилу 3 ой ўтди

👉 2017 йил 24 май

Меҳнат вазирлиги => Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этилди.

***

👉 2019 йил 10 январь

Иқтисодиёт вазирлиги => Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги этиб қайта ташкил этилди.

Орадан 1 йилу 2 ой ўтди

👉 2020 йил 26 март

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги => Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги этиб қайта ташкил этилди.

Хулоса ўзингиздан.

👉 @xushnudbek 👈

  • 👍 1
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek