AOKA Qoraqalpog‘istondagi jurnalistlar bilan bog‘liq vaziyatga munosabat bildirdi
Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов Қорақалпоғистондаги ОАВлар билан боғлиқ вазият юзасидан баёнот берди. Унда шундай дейилади:
«Шу кунларда бир қатор ОАВ ва ижтимоий тармоқларда “Repost.uz” нашри маълумотига таяниб, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Т.Ерниязовнинг вафоти ҳақида нотўғри ахборот тарқатган Makan.uz, Kruz.uz интернет нашрлари ҳамда Kar24.uz веб-сайти ходимлари Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан тунги соат 1:00да уйидан олиб кетилиб, тушунтириш хати ёзишга мажбур қилингани ҳамда ноутбук ва мобил телефонлари олиб қўйилгани тўғрисида хабарлар тарқалди.
⚖️ Агентлик ўз ваколати доирасида ушбу вазиятни ўрганиб чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ёзма мурожаат юборди.
❗️Мазкур мурожаатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10, 14-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 88-моддаси талабларини четлаб ўтишгани алоҳида қайд этилиб, журналистларни сўроқ қилиш зарурати пайдо бўлганда ЖПКнинг 97-моддасига асосан дастлаб чақирув қоғози юбориш тартиботига амал қилиш сўралди.
🔎 Шуни ҳам алоҳида таъкидлашни истардикки, Makan.uz, Kruz.uz ва Repost.uz (хакер ҳужумига учраганлиги ўрганилмоқда) Интернет-ОАВлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўрмасдан қонунга зид ҳаракат қилишган. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасида ОАВ ўзи тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда жавобгар экани белгиланган. Шунинг учун Агентлик уларга тегишли тақдимномалар жўнатди.
❌ Журналистларга нисбатан ўтказиладиган ҳар қандай тазйиқ ёки босим Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати ҳамда сўз эркинлиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга мутлақо тўғри келмайди. Юқоридаги каби ҳолатларнинг содир бўлиши Ўзбекистоннинг халқаро имижига путур етказиши ҳамда давлат органларига нисбатан ишончсиз муносабатлар вужудга келишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
✅ Шунинг учун, давлат органлари ҳам, ОАВ ва блогерлар ҳам ахборот соҳасидаги қонунчиликка бўйсуниши шарт, томонлар ўртасида пайдо бўладиган ҳар қандай низоли вазият мавжуд қонунлар, шунингдек, суд тизими доирасида ҳал қилиниши зарур».

