Инновация вазирлиги чанг-қумли туманни хавфсиз деб атади
Manba:Muhrim / Муҳрим
Инновация вазирлиги «Тошкентда кузатилган чанг-қумли туман инсон саломатлиги учун хавфсиз», деб баёнот берибди. Вазирлик бундай баёнот бериш учун бутун бошли тадқиқотлар ўтказибди, «Беруний» метроси атрофи (яъни, вазирлик биноси яқини)дан олинган бир чимдим чангни микроскоп ва яна қандайдир асбобларда обдон текширибди (шу жойида хушхабар бор — асбоблар ишларкан!). Роса қидиришса ҳам, чанг ичидан тузукроқ зарарли нарса топа олишмабди ўзбек олимлари (бу гапнинг қайси жойига йиғлаш керак — «чанг ичидан зарарли нарса топа олишмади» деганигами ёки «ўзбек олимлари» сўз бирикмасига — буниси ўзингизга ҳавола).
Шунисига ҳам шукр. Нега деганда, вазирлик бундан-да даҳшатлироқ баёнот бериб, «шундай байрамона кунларда пойтахтимиз устидан ёғилгани чанг эмас, бахт зарраларидир, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра гўёки чангдан азобланиб тиббиёт ходимларидан ёрдам сўраган камида 4110 нафар ҳамюртимиз эса аслида бахтдан ‘передозировка’ бўлган янги замон бахтиёрларидир», дейиши ҳам мумкин эди. Камига, чанг нафақат хавфсиз, ҳатто фойдали ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида («чангнинг фойдасини асаларидан сўранг», деб-а) ҳақиқийлигини ҳеч ким текшира олмайдиган бирор иқтибосни Ибн Сино номидан бериб юборса, нима қилардик?
Шукр, минг шукр! Чанглар ариб, ҳаво яна очилганига, яна эркин(роқ) нафас олиш бахти қайтганига шукр! Бунақа чанг бўронини ҳам, унинг «хавфсиз чанг»ини ҳам бошқа кўрмайлик!
- 👍 1

