Ўзбекистонлик ўқувчилар математика олимпиадасидан четлатилди
Афсуски таълим соҳасида кўнгилни хира қиладиган янгиликлар ҳам йўқ эмас (ўзи кўнгилни тоғдай кўтарадиганлари жуда кам).
Жорий йилнинг 3–14 июль кунлари Руминия давлатининг Клуж-Напока шаҳрида ўтказилган дунёнинг энг нуфузли саналган Халқаро математика олимпиадасида (International Mathematical Olympiad, IMO) Ўзбекистон жамоасидан 3 та ўқувчи қаллобликда гумонланиб, олимпиададан четлаштирилган. Wikipedia'га кўра, ҳозиргача бундай вазият фақат икки марта, 1991 ва 2010-йилларда Шимолий Корея жамоаси билан содир бўлган экан.
Бу ҳақида IMO 2007'да бронза медали соҳиби бўлган Баҳриддин Абдиев ва бошқа бир гуруҳ математик ёшларимиз хабар беришмоқда.
Афсуски ушбу мавзуда мутасадди ташкилотларнинг ҳалигача сукут сақлаётгани бизни ажаблантирмоқда.
Ўзбекистон ушбу олимпиадага 1997 йилдан буён айрим йилларда узилишлар билан қатнашиб келмоқда. Мақола муаллифлари, юртимиз математикларининг ушбу йиллардаги кўрсаткичини таҳлил қилишган (инфографика пастда).
Кўриб турганингиздек, бизнинг терма жамоамиз 1997 йилдан 2008 йилгача (2003 йилдан ташқари) Марказий Осиё давлатлари ўртасида иккинчи ўринни эгаллаб келган. 2011 йилдан бошлаб эса 4–5 ўринларга тушиб кетган. Айниқса, охирги уч йил ичидаги умумжамоа ҳисобида ўртача 110 давлат орасидан 77, 74, 86-ўринларни эгаллаб келмоқдамиз.
Бошқача айтганда охирги 3 йилда «мусаффо осмон» остида ўқиётган ёшларимизнинг билим даражаси кескин пасайган. Ёки гарчи билимли ёшларимиз кўп бўлишига қарамай, фан олимпиадаларидаги қаллобликлар шу даражага етганки, алал оқибат бу халқаро натижаларимизга ҳам таъсир ўтказмай қолмаган.
Энди шу йилги вазиятга қайтсак. Расмий натижалар чиқишидан аввалроқ таблодаги умумий натижалар расмга олиниб, интернетда тарқалди. Унга кўра, бизда камида 2 та кумуш медали бўлиши керак эди.
Сал ўтмай, расмий натижалар IMO сайтига жойлаштирилди. Унда эса бутунлай бошқа вазият — фақат 2 та фахрий ёрлиқ билан чегараланганмиз ва 6 тадан 3 та ўқувчи умуман кўрсатилмаганини кўришимиз мумкин.
Мақолада келтирилишича, IMO президенти Жоф Смит (Geoff Smith) ўз баёнотида бу йилги олимпиадада Ўзбекистон билан айнан нима бўлгани ҳақида тўхталиб, хусусан, шундай деган:
"… IMO 2018'да масала капитани қийин масалани битта давлатдан (Ўзбекистон) бўлган учта қатнашчи бир-бирига жудаям ўхшаш йўл билан ечганлиги ва бунда эҳтимолий қонун бузилиши бўлганлиги ҳақида хабар берди. Ахлоқ (этика) қўмитаси вакиллари ва IMO кенгашидан сайланган аъзолар томонидан текширувлар ўтказилиб ҳамда шу давлат терма жамоаси етакчиси билан (таржимон орқали) муҳокамалар олиб борилиб, IMO ҳакамлар ҳайъатига тавсия берилди. Ҳайъат муаммодан келиб чиқиб, ўқувчилар ечимларини ва алоқадор ҳисоб-китобларини ўрганиб чиқди. Жамоа етакчиси ечимдаги ўхшашликларни (чизмалар, методлар, тригонометрия ва масаланинг ечилиш тартиби) ўқувчилар битта мактабда ўқиганлиги ва битта ўқитувчидан дарс олганлиги билан изоҳлади.
Ҳайъат бунга ишонмади ва кўпчилик овоз билан учала ечим ҳам ноқонуний манбага таянади деб топди. Жамоанинг бошқа қатнашчилари ва етакчилари томонидан қонун бузилишига алоқадорлик бўйича ҳеч қандай далил бўлмагани учун уларга нисбатан чора кўрилмади. IMO 2018'дан ушбу қатнашчиларни четлаштиришга қарор қилинди, ва улар IMO 2018'да умуман қатнашмаган деб топилганлигига асосланган ҳолда охирги натижалар таҳлил қилинди ва медаллар тақсимланди…"
Ҳозирча Ўзбекистон жамоаси етакчиси Шухрат Исмоилов ёки бошқа қатнашчилар томонидан ушбу ҳолат юзасидан ҳеч қандай расмий баёнот берилгани йўқ, дейди муаллифлар.
Биз ҳам ушбу ҳолат бўйича расмий баёнот кутиб қоламиз. Юртимизнинг халқаро интеллектуал майдондаги нуфузи ҳақида гап кетар экан, албатта расмий тушунтириш бўлиши керак, менимча. Воқеалар ривожини кузатамиз.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek

