Фермерлар кенгашига аъзолик мажбурий этиб белгиланди
Яна битта мажбурий аъзолик – нималар бўляпти ўзи?!
4 апрель куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланибди, у бугун «Халқ сўзи»да эълон қилинди.
Мазкур қонун билан «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддаси қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди:
«Фермер хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурийдир».
Яъни фермерлар энди Кенгашга мажбуран аъзо қилинадиган бўлди.
Эҳ, Худойимей, ўзи йирик тадбиркорларнинг Савдо-саноат палатасига мажбурий аъзолиги каммиди?! Нималар бўляпти ўзи, а?
Барака топгурлар, Фермерлар кенгаши нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади (Савдо-саноат палатаси ҳам). Нодавлат нотижорат ташкилотига Қонун билан (!) мажбуран аъзо қилиб бўлмайди, тушунсангизчи ахир, Худо хайрингизни берсин!
Депутатлар қаерга қарашяпти, демоқчимисиз? Э, қўйинг, эсламайлик уларни...
Шу жойида битта қизиқ фактни айтай. Ўтган йили октябрь ойида худди шу қонун лойиҳаси Олий Мажлисда муҳокама қилинган пайти қуйидагича хабар чиққан эди:
«Депутат Расул Кушербоев бу талаб юқори турувчи қонун ҳужжатларимизга зид бўлиб қолмайдими, деган ҳақли саволни ўртага ташлади.
Шу боис депутат кенгашга фермерларнинг аъзолигини ихтиёрийликка асослантириш мақсадга мувофиқ, деган таклифни илгари сурар экан, Конституциямизда нодавлат нотижорат ташкилотлар, уюшмалар, жамоат бирлашмаларига ихтиёрийликка асосланган аъзолик ҳуқуқини мажбуриятга айлантириб бўлмаслигини таъкидлади. Бу жамоат ташкилоти ҳисобланган ушбу Кенгашни давлат органи вазифасини бажарувчи ташкилотга айлантириб қўйишини қайд этди.
Шу боис, фермерларда Кенгашга аъзо бўлиш ё бўлмаслик ҳуқуқини қолдириш мақсадга мувофиқ, деган якдил фикрни билдирди».
Кўряпсизми, қонунларимизга зид бундай қонунларга қарши чиққан депутатлар ҳам бўлган, лекин бу каби фикрловчилар Парламентда жуда озчилик. Қолганлари қарсак чалишни дўндиришади лекин.
Расул Кушербаев юрист бўлмаса ҳам, лекин буни онгли равишда тушуниб, қаршилик қилибди. Хўш, Парламентимиздан ўрин эгаллаган юристларчи (улар орасида "каттаконлари" ҳам бор), улар қаршилик қилишмаганмикин?
Кайфият ёмонам бузилди лекин...
👉 @xushnudbek 👈


