Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби ва муҳокамаси
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganМенимча, Конституцияга ўзгариш киритиш ҳақидаги охирги постим
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг Конституциямизнинг 128-моддаси бўйича айтган фикрларини қўллаб-қувватлайман (видеоси пастда). Худди шу фикрни депутатимиз Шуҳрат Полвонов ҳам ўз мақоласида айтган эди.
Яъни 128-моддадаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тегишли таклиф киритилгандан кейин олти ой мобайнида Конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин», деган норма "олти ой муҳокама бўлиши шарт" дея нотўғри талқин қилинмаслиги керак.
Моддани қуйидагича қисмларга бўлиб таҳлил қиламиз:
Ким: Олий Мажлис
Қачон: тегишли таклиф киритилгандан кейин
Қанча муддатда: олти ой мобайнида
Нимани: Конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунни
Нима қилиши мумкин: қабул қилиши мумкин
Нимани ҳисобга олиши керак: кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани
Кўриб турганингиздек, бу ерда муҳокамага нисбатан муддат қўйилаётгани йўқ. Бу борада, менимча, ортиқча муҳокамага ҳожат бўлмаса керак (яна ҳам расмий шарҳни фақат Конституциявий Суд бериши мумкин).
❗️Асосий савол бошқа: Конституцияга ўзгариш киритиш масаласи кенг ва ҳар тарафлама муҳокама бўлмагани ҳақида гап кетмоқда. Ахир Конституцияга ўзгариш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчиликка очиқ эълон қилинмасдан туриб, қанақасига кенг ва ҳар тарафлама муҳокама бўлиши мумкин?
Конституцияга киритилиши керак бўлган кичик бир нуқтани ҳам очиқ-ошкора, бутун халқ билан муҳокама қилиш тарафдориман. Қонун лойиҳаси расмий ОАВларда, газета-журналларда, сайтларда эълон қилинсин. ТВда мутахассислар иштирокида ток-шоулар бўлсин. Жонли эфирда матбуот анжуманлари ташкил қилинсин. Ижтимоий сўровномалар, тадқиқотлар ўтказилсин. Махсус порталда фуқаролар томонидан лойиҳага қолдирилган изоҳлар яна бир марта экспертлар иштирокида кўриб чиқилсин. Лекин буларнинг барчаси қонун лойиҳаси ҳали Қонунчилик палатасида қабул қилинмасидан олдин бўлиши керак.
Мабодо жамоатчилик шундан кейин ҳам ўзи қизиқмаса, фикр бермаса, ана унда айтса, бўлади, "биз шунча жойда эълон қилдик, қизиқмасанглар нима қилайлик" деб.
❗️Конституцияни энг олий ҳужжат сифатида кўришга ўрганишимиз керак, уни ўзгартирилаётганидан мамлакатнинг ҳар бир фуқароси хабардор бўлиши, шунга яраша шароитлар яратилиши лозим.
Ўзи умуман мана бу ерда айтган фикрларимни яна бир бор таъкидламоқчиман. Қонунчилик палатаси ва Сенат қонун қабул қилинишининг барча босқичларида лойиҳаларнинг тўлиқ матнини ўз сайтида эълон қилиб бориши керак. Шунда дастлабки версиядаги қонунлар Парламентда қай даражада "пишитилиб", такомиллаштирилиб, кейин имзога чиқарилишини кузатиш мумкин бўлади. Шунда депутатлар ва сенаторларнинг ишлари ҳам кўринади. «Ҳар қандай қонунни қўл кўтариб тасдиқлашади» деган танқидларга жавоб бўларди.
👉 @xushnudbek 👈