Ўзбекистонда фавқулодда ҳолат эълон қилиш тартиби

Matn28-mart, 2020, 16:402 daqiqa0 koʻrish

Фавқулодда ҳолатни ким эълон қилади?

ОАВда Ўзбекистонда ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилинишига оид чақириқлар пайдо бўлмоқда.

Шу ўринда савол туғилади, фавқулодда ҳолатни ким эълон қилади? У ўзи нима дегани?

Ўзбекистонда фавқулодда ҳолат Президент Фармони билан эълон қилинади ва бу Фармон Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги йиғилишида тасдиқланиши керак бўлади.

Жумладан, Ўзбекистон Конституциясининг 93-моддаси 19-бандига биноан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади.

Конституциянинг 78-моддасига биноан эса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига Президентнинг фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳам киради.

Конституциямизда фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади, дея қайд этилган бўлсада, лекин менинг билишимча, бундай қонун мавжуд эмас, лойиҳаси ишлаб чиқилгандию, аммо ҳали қабул қилинмаган.

Шундан келиб чиқиб, ҳозирги вазиятда фавқулодда ҳолат шартлари ва тартиби Президент Фармони билан белгиланади.

Фавқулодда ҳолат ўзи нима?

Фавқулодда ҳолат — давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг ва ташкилотларнинг алоҳида иш режими. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқларига махсус қонун билан белгиланган чеклашларга йўл қўйилади, шунингдек, уларга қўшимча мажбуриятлар юкланиши мумкин.

Шунингдек, фавқулодда вазият деган тушунча ҳам. Бу фавқулодда вазиятдан бироз фарқ қилади.

20.08.1999 йилдаги «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига биноан:

фавқулодда вазият — одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат.

Хуллас, Ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарор ва чора-тадбирлар моҳиятан фавқулодда ҳолатга яқин, аммо ҳали расман бундай ҳолат эълон қилингани йўқ. Агар расман эълон қилинса, унда чоралар янада қатъийлашади, назорат кучайтирилади.

Воқеалар ривожини биргаликда кузатамиз.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek