Суд қарорлари нега Ўзбекистон номидан чиқарилади
Боримиз шу
Қарши тумандаги маҳаллий кенгаш депутати суд қарори ҳақида гапира туриб, «қарор қандай қилиб Ўзбекистон Республикаси номидан чиқар экан, ўзимизнинг Қарши туман Маъмурий суди кўриб чиққан-ку» деган фикрни айтибди.
Бу эса ижтимоий тармоқларда кулгу ва кинояларга сабаб бўляпти. Лекин ишонаман, Ўзбекистондаги 60-70% инсонлар (балки ундан ҳам кўп бўлмаса) бу гапнинг нимаси кулгили эканлигини ва депутатнинг гапида қандай хато борлигини билмайди.
Яъни "туман даражасидаги суднинг қарори нега Республика номидан чиқади, ахир бутун Республика номидан қарорни фақат Олий Суд чиқармайдими", деб ўйлашади.
Бу гапга одамлар нима учун ҳайрон бўлишаётгани ёки туман депутатининг устидан кулишаётганига унча тушунмаяпман. Мен тахминан яқин 20 йилларда туман дажарасидаги депутатлардан бирор нарса кутмайман. Чунки қозонда бори чўмичга чиқади.
Депутатлар қанақадир гений ёки ҳаммадан ақлли инсонлар эмас. Улар ҳам ўзимизни орамиздаги одамлар холос. Айниқса туман депутатлари 1 сўм ҳам ойлик олмайди, фақат жамоатчилик асосида ишлайди, бу эса тизимнинг мутлақо самарасиз эканлигининг асосий сабаби. Улар яқин йилларда ҳеч қачон ҳокимга қарши бормайди, боролмайди. Ҳатто ҳокимлар маҳаллий кенгашлар раислигидан кетган тақдирда ҳам барибир тўла мустақил бўла олмайди, ҳокимни оғзига қараб туради.
Шу сабабли ҳам, маҳаллий кенгашларга сайловлар қўл учида ўтади, баъзан номзодлар ўзи ҳам истамай сайланади. 3та мактаб директори, 4та фермер, 5та тадбиркор, 6та ташкилот раҳбари сайланиши керак, деган ақида билан яшаймиз холос.
Уларнинг қанақа сайланиши ҳақидаку гапириб ҳам ўтирмайман.
Токи таълим ривожланмас экан, токи бутун жамиятда аҳолининг билим даражаси, ҳуқуқий онги бирдек ошмас экан, маҳаллий депутатлардан ва ҳаттоки Олий Мажлис депутатларидан ҳам нимадир катта натижа кутмайман, уларнинг гапларига ҳайрон ҳам бўлмайман. Чунки боримиз шу...
Ҳа, айтганча, депутатнинг гапида қандай хато борлигини тушунтирмоқчиман. Бизда барча даражадаги (туман, шаҳар, вилоят, республика) судларнинг қарори Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилади.
Бунинг ҳуқуқий асоси:
Жиноят-процессуал кодексининг 454-моддаси
«Суд ҳукмни Ўзбекистон Республикаси номидан чиқаради»
Фуқаролик процессуал кодексининг 249-моддаси
«Суд ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади»
Иқтисодий процессуал кодексининг 176-моддаси
«Суд ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади»
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 154-моддаси
«Суд ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади»
P.S.: Тан олинг, бу қоидаларни Сиз ҳам яхши билмасдингиз-ку, тўғрими? (бу гапим барчага тааллуқли эмас)
👉 @xushnudbek 👈


